Америка террорчиларни ўқитиб, минтақани қон кўлига айлантирмоқда – Эрдўған
Олам
−
12 Октябрь 2023
10732Америка ҳозирда барча террорчи ташкилотларни тайёрламоқда, ўқитмоқда ва қуроллантирмоқда ва афсуски, хоҳ Сурия бўлсин, хоҳ Яқин Шарқ, минтақани қон кўлига айлантирмоқда. Бундай айблов билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған чиқди. У бу ҳақда Австрия канцлери Карл Нехаммер билан Анқарада бўлиб ўтган учрашувлардан кейин журналистлар билан мулоқотда сўз очди.
“Америка самолёт ташувчи кемасининг Исроилда нима иши бор, улар нима қиляпти? Самолёт ташувчисидаги барча қайиқлари ва самолётлари билан у ерда нима қиляпти? У ерда бутун Ғазо ва унинг атрофини уриб, вайрон қилиб, ўта жиддий қирғин қилишни бошлайдилар. Ҳозир мен бу ерда бир нарсани айтишим керак: бугунги кунда Сурияда 20 дан ортиқ Америка базалари мавжуд. Америка базалари Сурияда нима қиляпти? Бу базаларда нималар қилишяпти, 23 та база. Буларнинг барчасига баҳо беришимиз керак эмасми?” дейди Туркия раҳбари.
Унинг қайд этишича, терроризмга қарши курашда халқаро ҳамкорлик ва умумий ирода муҳим аҳамиятга эга. Туркия бу борада Австриядан яқинроқ ҳамкорликни кутмоқда.
Эрдўған, Анқаранинг тартибсиз миграцияга қарши курашдаги етакчи мавқеи ва унинг Европа хавфсизлигига қўшган ҳиссасини алоҳида эслатиб ўтди.
“Аслида масалага фақат Ҳамас сифатида қарасак, адолатли бўлмайди. Ҳамаснинг йўқотиши нима? Исроилнинг йўқотиши нима? Буни кўриб чиқсак, фақат Хамас жиддий йўқотишга дучор бўлганини кўрамиз”, дейди Эрдўған.
Эрдўған сўзида давом этиб, Ғазодаги тўқнашув бир куннинг эмас, йиллар давомидаги адолатсизликнинг оқибати эканини қайд этган.
“Қаранг, ҳозир Ғазога сув берилмаяпти. Инсон ҳуқуқлари ҳақида нима дейиш мумкин? Электр йўқ. Инсон ҳуқуқлари ҳақида нима дейиш мумкин? Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига кўра, сувни тўхтатиб бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига кўра, электр энергиясини ўчира олмайсиз. Ҳозир тасаввур қила оласизми, Ғазодаги шифохоналар қандай аҳволда? Улар ишлаяптими? Афсуски, йўқ. Аммо ибодатхоналар ва шифохоналарга шафқатсизларча ҳужум қилинмоқда. Буни томоша қилиб турганлар эса миқ этмаяпти”, дейди Туркия раҳбари.
LiveБарчаси