Фаластинда тинчлик ўрнатилмаса, Туркия НАТО ташаббусларини қўллаб-қувватламайди – Эрдўған

Олам

image

НАТО аъзоси бўлган Туркия Фаластинда кенг қамровли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилмагунча альянс доирасида Исроил билан ҳамкорлик қилиш ташаббусларини маъқулламайди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО Давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитидан сўнг, журналистлар билан бўлган матбуот анжуманида сўз очди.

Эрдўған ўз нутқи аввалида терроризмга қарши курашда иттифоқчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Туркия НАТО учун икки асосий таҳдиддан бири бўлган терроризмга қарши курашда иттифоқчиларидан бирдамлик кутмоқда. У буни иттифоқ тўғрисидаги қонун талаб қилишини ҳам қўшимча қилди.

Эрдўған Исроилнинг Фаластин халқига қарши давом этган босқинчилик ҳаракатига ҳам эътибор қаратди. Туркия раҳбари Исроил Бош вазири Нетаньяху маъмурияти ўзининг экспанционистик ва ўйламасдан иш юритиш сиёсати билан нафақат ўз фуқаролари, балки бутун минтақа хавфсизлигини хавф остига қўяётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Фаластинда кенг қамровли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилмагунча, Туркия НАТО доирасида Исроил билан ҳамкорлик қилиш ташаббусларини маъқулламайди.

“Дунё ҳамжамияти фаластинлик тинч аҳолига қарши ҳужумларни тўхтатиш учун олдинга чиқаётган бир пайтда Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, деган Президент Эрдўған.

Унинг фикрича, 1967 йилги чегараларда икки давлат қарорига эришиш учун халқаро ҳамжамиятнинг масъул аъзолари кучларини бирлаштириши муҳим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ғазодаги ваҳшийлик учун айбдорлар худди Босния ва Герцеговинанинг Сребреница шаҳрида содир этилган геноцид сингари жавобгарликка тортилишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Эрдўған Фаластин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг