Facebook ва Instagram’даги узилишлар қанчага тушгани очиқланди
Олам
−
06 Март
8558Meta компанияси Facebook ва Instagram’даги узилишлар туфайли қарийб 100 млн АҚШ доллари йўқотди. Бу ҳақда "DailyMail" нашри хабар берди.
Weldbush Securities директори Дэн Айвзнинг маълум қилишича, америкалик миллиардер Марк Цукерберг компаниясининг акциялари қиймати 1,6 фоизга тушиб кетган.
Компания ўз даромадининг катта қисмини рекламалар орқали олади ва юзага келган техник муаммолар уларнинг давомийлигига ҳам таъсир қилмасдан қолмаган. Шунга қарамай, компания Facebook ва Instagram’даги узилишлар компаниянинг молиявий аҳволига қай даражада зарар келтиришини очиқламаган. Мутахассиснинг билдиришича, ўтган йили 134 млрд АҚШ доллари миқдорида фойда кўрган компания учун бу арзимаган йўқотиш бўлиши мумкин.
Баъзилар воқеанинг АҚШдаги праймеризлар ўтказилган "Супер сешанба"га тўғри келганидан таажжубланиб, буни қандайдир киберҳужумга ҳам боғлашди. Компания эса узилишларни техник носозлик юзага келгани билан изоҳлади ҳамда нашр манбасининг билдиришича, ўша пайтда компания ички тизимлари ҳам бир муддат ишламай қолган.
"Киберҳужум бўлиши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, лекин ушбу тахминларни ҳам тўлиқ инкор этиб бўлмайди. Бу биринчи марта содир бўлаётгани йўқ ва охиргиси ҳам эмас", дейди "TheRevOps" муҳаррири Керри Лисенбиглер.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 март куни Meta компаниясига тегишли Facebook, Messenger ва Instagram тармоқларида бутун дунё бўйлаб узилишлар содир бўлгани, ярим миллиондан ортиқ фойдаланувчи ижтимоий медиа иловаларига кира олмагани ҳақида хабар бергандик.