Эйфель минораси раҳбари “аёллар можароси” сабаб ишдан кетади

Олам

−

image

Франция пойтахти Париж шаҳридаги Эйфель минорасини бошқарувчи компания раҳбари Патрик Бранко Руиво йил охирида лавозимини тарк этади. Бунга Ҳиндистон диний делегацияси ташрифи вақтида аёл ходимларнинг делегациядан четлатилгани сабаб бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Аввалроқ, Париждаги Эйфель минорасига Ҳиндистон диний делегацияси ташрифи чоғида аёл ходимлар иш жойларини тарк этишга мажбур қилингани ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Ўша куни ҳиндуизмнинг Сваминараян йўналишига мансуб BAPS диний ташкилоти роҳиблари Эйфель минорасига ташриф буюрган. Улар Париж яқинида анъанавий ҳинд ибодатхонасининг очилиши муносабати билан Францияда тадбирлар ўтказаётган бўлган.

Ташрифдан олдин Эйфель минораси раҳбарияти ходимларга аёл ишчилар BAPS делегацияси билан алоқада бўлмаслиги кераклигини билдирган. Натижада аёл ходимлар делегация ташрифи вақтида иш жараёнидан четлатилган.

Бу ҳолат Эйфель минораси ходимларининг норозилигига сабаб бўлган. Жорий йилнинг 7 сентябрь куни ходимлар иш ташлаш ўтказган ва 330 метр баландликдаги машҳур иншоот ташриф буюрувчилар учун ёпилган.

Шундан сўнг, воқеа юзасидан мустақил текширув ўтказилган. Текширувда жорий йилнинг 5 сентябридаги ташриф билан боғлиқ бир қатор ташкилий камчиликлар аниқланган. Компания бу камчиликлар аёл ходимларнинг ташрифдан четлатилишига олиб келганини ва бундай ҳолат “номақбул” эканини тан олган.

BAPS эса аёл ходимларни яшириш ёки делегация ташрифидан четлатишни ҳеч қачон сўрамаганини маълум қилган.

“Ташрифдан олдин роҳибларимизнинг диний амалиётлари Эйфель минораси раҳбариятига тушунтирилган. Булар роҳибларимиз амал қиладиган шахсий руҳий мажбуриятлардир. Улар аёлларни ташриф буюриладиган жойлардан четлатишни талаб қилмайди”, дейилади ташкилот баёнотида.

Эйфель минорасини бошқарувчи компания раиси Ариел Вейл эса гендер тенглигини таъминлашга қаратилган чоралар ва ходимлар учун тегишли ўқув дастурларини жорий этишни сўраган.

Маълумот учун, Патрик Бранко Руиво компания бош директори лавозимига 2018 йил охирида тайинланган. У энди йил охирида ўз лавозимини тарк этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда Эйфель минорасига тегишли тарихий спираль зинанинг бир бўлаги аукционда қарийб 450 минг еврога сотилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг