Эшак “истеъмол гўшти олинадиган ҳайвонлар” қаторига киритилмайди – парламентдан муносабат
Жамият
−
17 Сентябрь
11198Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилингани, унда эшак истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган ҳайвон турлари қаторида келтирилгани хабар қилинганди. Аслида бу матбуот хабарномасидаги таҳририй хато туфайли келиб чиққан тушунмовчилик бўлиб чиқди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев маълум қилди.
Унинг айтишича, қонун лойиҳасида эшак гўштини истеъмол учун ишлатиладиган гўшт тоифасига киритиш назарда тутилмаган.
“Умуман бу қонун “гўшт истеъмоли” ҳақида эмас, балки ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш муносабатларини тартибга солади. Матбуот хабарномасидаги таҳририй хато туфайли тушунмовчилик келиб чиққан”, дейди Одилжон Тожиев.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилнинг 5 август куни қонун ташаббускори томонидан Қонунчилик палатасига киритилган.
Қонун лойиҳаси билан жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парвариш қилинадиган) ва урчитиладиган уй ҳайвонлари – қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит, мушукни идентификация қилиниши (визуал ёки электрон биркаларни ҳамда электрон микрочипларни ҳайвонларга ўрнатиш) назарда тутилган.
Билдирилишича, мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг қўмитасида, сиёсий партиялар фракцияларида ва ялпи мажлисида кўриб чиқиш жараёнида депутатлар томонидан эшак, ит ва мушукнинг идентификация қилиниши асослиги бўйича эътирозлар билдирилган. Эътирозлар қонун ташаббускорлари томонидан қабул қилиниб, лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланган тақдирда, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида олиб ташланиши қайд этилган.
LiveБарчаси