Эрондаги наркология марказида юз берган ёнғинда 32 киши ҳалок бўлди
Олам
−
04 Ноябрь 2023
2585Эрон шимолида жойлашган Гелон вилоятидаги гиёҳвандларни реабилитация қилиш маркази биносида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳат олди. Бу ҳақда IRNA агентлиги хабар берди.
Гелон вилояти губернаторининг сиёсат, хавфсизлик ва ижтимоий таъминот бўйича ўринбосари Муҳаммад Жалоийнинг аниқлик киритишича, ёнғин эрта тонгда Ленгеруд вилоятидаги гиёҳванд шахсларни реабилитация қилиш маркази биносида бошланган.
Унинг сўзларига кўра, жабрланганларнинг тўрт нафари интубацияга муҳтож, қолганларининг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Шунингдек, у марказ 40 беморга мўлжаллангани, беморлар сони тиббиёт муассасаси сиғимидан ошиб кетганини айтган. Бу ёнғинда кўплаб қурбонлар бўлишига олиб келган.
Вилоят губернатори маъмурияти реабилитация марказидаги ёнғинга иситиш мосламаси сабаб бўлгани, учқун пардага ўтгани ҳақида хабар берган.
“Tasnim” агентлигининг хабар беришича, Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Моҳсени-Эжей воқеа юзасидан кенг қамровли тергов ўтказишни буюрган.
"Ҳозирда суд қарорлари чиқарилган, реабилитация маркази раҳбарияти кузатув остида, унинг директори эса ҳибсга олинган”, дейди Гилон вилояти адлия департаменти раҳбари Исмоил Садеки-Ниараки.
LiveБарчаси