Эронда Маҳса Аминининг ўлимига сабабчи бўлган ахлоқ полицияси қайта иш бошлади
Олам
−
17 Июль 2023
4660Эроннинг ахлоқ полицияси диний меъёрлар ва жамоат ахлоқига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида мамлакатда қайта иш бошлади. Бу ҳақда Эрон полицияси вакилига таяниб, Эрон талабалари ахборот агентлиги (ISNA) хабар берди.
2022 йилнинг кузида мамлакат сиёсий ва диний раҳбариятига қарши оммавий норозилик намойишларидан сўнг, ахлоқ полицияси бўлинмалари Эрон кўчаларида кўринмай қолган. Мамлакат Бош прокурори Муҳаммад Жафар Мунтазери ҳижобни “нотўғри кийгани” учун ҳибсга олинганидан сўнг полиция ҳибсхонасида ҳалок бўлган 22 ёшли курд аёли Маҳса Аминининг ўлими туфайли юзага келган кенг кўламли норозилик намойишлари фонида полициянинг суд тизимига алоқаси йўқлигини ва ахлоқ полицияси тугатилганини маълум қилганди.
Шунингдек, у мамлакат расмийлари аёлларни ҳижоб кийишга мажбурловчи қонунни ўзгартириш устида иш бошлаганини тушунтирган.
Сўнгги ойларда кўплаб аёллар рўмол ўраш талабини, жумладан, жимгина норозилик билдирган ҳолда эътиборсиз қолдирди.
Апрель ойи бошида Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Моҳсени-Эжей аёлларни ҳижобсиз омма олдига чиққани учун шафқатсиз таъқиб қилиш билан таҳдид қилган.
“Бундай хатти-ҳаракат қадриятларимизга душманлик билан тенгдир", дейди суд раҳбари.
Ҳижобсиз аёлларни топиш учун "ақлли камералар"
Апрель ойи бошида Эрон полицияси жамоат жойларига “ақлли камералар” ўрнатишни бошлаганди. “Reuters” хабарига кўра, бундай қурилмалар Эрон полициясига боши очиқ аёлларни аниқлаш имконини беради.
Шундан сўнг “қоидабузарлар”га “оқибати ҳақида огоҳлантирувчи матнли хабарлар” келади. Эроннинг “Mizan” суд ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳаракатлар “ҳижоб қонунига қаршилик кўрсатишнинг олдини олишга” қаратилган.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.
Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчи калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олган. Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Сентябрь ўрталаридан бери Эронда жами 18,5 минг киши ҳибсга олинган. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.
LiveБарчаси