Эрон ва Покистондан олиб келинган картошкада хавфли зараркунандалар аниқланди
Олам
−
21 Ноябрь 2021
12137Жорий йилнинг 25 сентябрь кунидан бошлаб Эрон ва Покистон давлатларидан олиб кирилаётган истеъмол картошка маҳсулотларида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди учун карантин аҳамиятига эга ўта хавфли зарарли организмлар – олтинранг ва нимранг нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари тизимли равишда аниқланмоқда. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот котиби Сабина Садинова маълум қилди.
Қайд этилишича, халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, нематодаларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига йиллик зарари бутун дунё миқёсида 100 миллиард доллардан ошмоқда.
“Республика ҳудудида 86,529 минг гектар картошка, 24,591 минг гектар помидор, 12,7 минг гектар қалампир ва 137 минг гектар полиз экинлари етиштирилаётганини инобатга олинса, хавф кўлами янада яққол намоён бўлади.
Зараркунандалар тарқалган ҳудудларда 30 йилгача картошка ва полиз экинларини етиштириб бўлмайди”, дейди Сабина Садинова.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг август ойидан бугунги кунга қадар республика ҳудудига 110 минг тонна истеъмол картошкаси олиб кирилган бўлиб, шундан 104 минг тонна маҳсулотга фитосанитар талабларга мувофиқлиги тўғрисида фитосанитар сертификатлар тақдим этилган.
Шу билан бирга, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан тезкор равишда хавфли нематодалар аниқланган истеъмол картошка маҳсулотининг 3 525 тоннаси (3,2 фоизи) экспортёр давлатга қайтарилди. 775 тонна (0,7 фоизи) маҳсулотни эса тадбиркорлик субектлари томонидан қайтариш имконияти йўқлиги туфайли махсус объектларда йўқ қилинган.
LiveБарчаси