Эрон АҚШ ва Исроил ҳужумига қарши коалиция тузмоқчи
Олам
−
07 Октябрь
14033Эрон Яқин Шарқдаги бир қатор мамлакатлар ва озодлик ҳаракатлари билан “Қаршилик пакти”ни тузиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ушбу пакт Исроил ва АҚШ ҳужуми содир бўлган тақдирда ҳарбий ёрдамни назарда тутади. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу келишув умумий мудофаа тизимини яратишга қаратилган бўлиб, ташқи таҳдидларга қарши кураш ва лойиҳа иштирокчиларининг инқироз даврида бир-бирларини қўллаб-қувватлашини назарда тутади.
“Пактда қатнашаётган барча мамлакатлар ёки қаршилик кўрсатувчи озодлик ҳаракатлари сионистик режим ёки АҚШ томонидан келишув иштирокчилари ҳудудига ҳужум қилинган тақдирда, бир-бирларига ҳар томонлама иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий ёрдам кўрсатишлари шарт бўлади", деб ёзади нашр ҳужжат матнига таяниб.
Ушбу лойиҳа устида ишлаётган мутахассислардан бирининг сўзларига кўра, келишувга киритиладиган асосий жиҳатлардан бири қўшма ҳарбий машғулотларни режалаштириш бўлиб, бу иштирокчилар ўртасидаги оператив имкониятларни ва мувофиқлаштиришни оширишга қаратилган.
Маълум бўлишича, бу режа Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссиясида кўриб чиқилмоқда ва яқин кунларда жамоатчилик муҳокамаси учун Исломий Кенгашга тақдим этилиши мумкин.
Бироқ “Tasnim” “Қаршилик пакти” қайси давлат ва ҳаракатлар билан тузилиши режалаштирилаётганини очиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил кенгайишига қарши исломий давлатлар коалициясини тузишга чақирганди. Эрон Ислом Республикаси олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий эса барча исломий мамлакатларни Исроил билан сиёсий муносабатларни чеклашга ва у билан иқтисодий алоқаларни узишга чақирганди.
LiveБарчаси