Эрон Афғонистон ва Покистоннинг “ярашишига” ёрдамлашмоқчи

Олам

image

Бугун, 18 октябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақи ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, мулоқотда минтақадаги сўнгги воқеалар ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар муҳокама қилинган. Эрон вазири Қобул ва Исломобод ўртасидаги сўнгги тўқнашувлардан хавотир билдирар экан, можаронинг давом этиши бутун минтақанинг барқарорлигига таҳдид солишини билдирган. Ароқчининг сўзларига кўра, Теҳрон кескинликни камайтириш ва конструктив музокараларга кўмаклашишга тайёр.

Муттақи эса ўз навбатида Афғонистон ҳукумати “ҳарбий тўқнашувлардан кўра мулоқот ва тинчлик йўлини афзал кўради”, дея қайд этган.

Шунингдек, томонлар икки давлат ҳудудидан оқиб ўтувчи Ҳилманд дарёси бўйича сув ҳуқуқи масаласини ҳам муҳокама қилган. Суҳбат якунида вазирлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, чегараларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақа мамлакатларининг ички ишларига хорижий давлатларнинг аралашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаган.

Қайд этиш жоиз, ўтган ҳафта охирида можароли ва баҳсли чегара ҳудудида содир бўлган тўқнашувларда ўнлаб одамларнинг ҳалок бўлиши заиф тинчликни парчалаб ташлади – бу 2021 йилда “Толибон” Қобулда ҳокимиятга келганидан бери икки давлат ўртасидаги энг даҳшатли тўқнашув ҳисобланади.

Илгаридан бир-бирига дўст бўлган бу давлатлар орасидаги сўнгги кескинлик Покистоннинг Афғонистондаги “Толибон” маъмуриятидан Покистонга ҳужумларни кучайтирган жангари гуруҳларни тийишни талаб қилганидан кейин бошланди. Покистонга кўра, бу гуруҳлар Афғонистон ҳудудидаги хавфсиз паноҳгоҳлардан фойдаланмоқда.

“Толибон” эса бу айбловларни рад этмоқда ва Покистон армиясини Афғонистон ҳақида нотўғри маълумот тарқатишда, чегарада таранглик келтириб чиқаришда ва мамлакат барқарорлиги ҳамда суверенитетини издан чиқариш мақсадида ИШИД билан боғлиқ жангариларга паноҳ бераётганликда айбламоқда. Покистон армияси эса бу даъволарни инкор этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон ва Афғонистон ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги тўқнашувлар кескинлашганидан сўнг, Жанубий Осиёдаги бу қўшни давлатлар орасидаги таранглик кучайиб, ўндан ортиқ фуқаро ҳалок бўлгани ва 100 га яқин киши яралангандан кейин 48 соатлик оташкесим тўғрисида келишиб олганди. Кеча, 17 октябрь куни эса томонлар ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш борасида муросага келди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Эрон Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг