Покистон ва Афғонистон сулҳни узайтиришга келишиб олди – ОАВ
Олам
−
17 Октябрь 2025 2484 2 дақиқа
Бугун, 17 октябрь куни Покистон ва Афғонистон ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга маълумотни Покистон хавфсизлик хизматларидаги учта манба ҳамда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати билан боғлиқ битта манба тасдиқлаган.
“Бугун, 17 октябрь куни Покистон ва Афғонистон Доҳада бўлиб ўтадиган режалаштирилган учрашувлар якунигача 48 соатлик ўт очишни тўхтатиш келишувини узайтиришга рози бўлди”, дейилади хабарда.
Манбаларнинг маълум қилишича, Покистон делегацияси аллақачон Доҳага етиб борган, Афғонистон вакилларининг Қатарнинг пойтахтига келиши эса эртага, 18 октябрь куни кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, ўтган ҳафта охирида можароли ва баҳсли чегара ҳудудида содир бўлган тўқнашувларда ўнлаб одамларнинг ҳалок бўлиши заиф тинчликни парчалаб ташлади – бу 2021 йилда “Толибон” Қобулда ҳокимиятга келганидан бери икки давлат ўртасидаги энг даҳшатли тўқнашув ҳисобланади.
Илгаридан бир-бирига дўст бўлган бу давлатлар орасидаги сўнгги кескинлик Покистоннинг Афғонистондаги “Толибон” маъмуриятидан Покистонга ҳужумларни кучайтирган жангари гуруҳларни тийишни талаб қилганидан кейин бошланди. Покистонга кўра, бу гуруҳлар Афғонистон ҳудудидаги хавфсиз паноҳгоҳлардан фойдаланмоқда.
“Толибон” эса бу айбловларни рад этмоқда ва Покистон армиясини Афғонистон ҳақида нотўғри маълумот тарқатишда, чегарада таранглик келтириб чиқаришда ва мамлакат барқарорлиги ҳамда суверенитетини издан чиқариш мақсадида ИШИД билан боғлиқ жангариларга паноҳ бераётганликда айбламоқда. Покистон армияси эса бу даъволарни инкор этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон ва Афғонистон ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги тўқнашувлар кескинлашганидан сўнг, Жанубий Осиёдаги бу қўшни давлатлар орасидаги таранглик кучайиб, ўндан ортиқ фуқаро ҳалок бўлгани ва 100 га яқин киши яралангандан кейин 48 соатлик оташкесим тўғрисида келишиб олганди.
Live
Барчаси