Эрон аҳолисига ядровий зарбага тайёргарлик бўйича огоҳлантириш берилди
Олам
−
11:00 745 3 дақиқа
Эрон давлат телевидениеси мамлакатга ядровий зарба берилган тақдирда аҳоли қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида махсус огоҳлантириш берди. Хусусан, фуқароларга портлаш вақтида қаерга яшириниш, ўзини радиациядан қандай ҳимоя қилиш ва бошпанадан қачон чиқиш мумкинлиги бўйича тавсиялар тақдим этилди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Эрон давлат телевидениеси эфирида аҳолига қуйидаги тавсиялар берилган:
- биринчидан, кучли ёруғлик чақнашига қарамаслик, зудлик билан пана жойга яшириниш, ерга ётиб, бош ва юзни қўллар билан тўсиш керак;
- иккинчидан, портлаш тўлқини ўтгач, энг яқин бинога кириш лозим. Ҳодисани томоша қилиш ёки суратга олиш учун тўхтамаслик, автомобиль ичига яширинмаслик, дераза ва ташқи деворлардан узоқроқ туриш тавсия этилган;
- учинчидан, илиқ сув ва совун билан ювиниш, кондиционерсиз оддий шампундан фойдаланиш керак. Чўмилиш имкони бўлмаса, юз, қўл ва очиқ тери қисмларини сув ёки нам салфетка билан тозалаш лозим;
- тўртинчидан, фақат идишдаги сув ва қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш, бошпанада камида 24 соат қолишга тайёр туриш керак. Агар бино ичида ёнғин чиқса ёки унинг қулаш хавфи туғилса, хавфсизроқ жойга ўтиш тавсия қилинган;
- бешинчидан, 24 соат ўтгач ҳам атроф-муҳитни хавфсиз деб ҳисобламаслик лозим. Бошпанадан чиқиш учун хавфсиз йўналишни аниқлаш мақсадида расмий эълонлар ва фавқулодда хабарларни кузатиб бориш керак.
Ушбу огоҳлантиришлар АҚШ Эронга ядровий зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида янгради. Таниқли америкалик журналист Такер Карлсон АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху босими остида Эронга ядровий зарба бериши мумкинлигини даъво қилди.
“Нетаньяху босими билан Трамп маъмурияти бир неча кун ичида Эронга ядровий зарба бериши мумкин”, деб ёзди Карлсон 2 ноябрь куни Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Журналистнинг таъкидлашича, эҳтимолий нишон Пикакс тоғи бўлиши мумкин. Унинг айтишича, Исроил разведкаси Теҳрон ушбу ҳудудда уранни бойитиш дастурини қайта тиклаганини тасдиқлаган.
Трампнинг аввалги тарафдорларидан бўлган Карлсон объект мудофаасини ёриб ўта оладиган бошқа қурол йўқлигини, шу сабабли “ядровий зарба ягона вариант” эканини айтган.
Айрим мутахассислар бундай қарор эҳтимолини кескин танқид қилди. Сиёсий таҳлилчи ва Эрон бўйича эксперт Вали Наср бу ҳақда шундай фикр билдирди:
“Агар бу рост бўлса, АҚШ маъмурияти учун жуда оғир айбловдир. Зеро, бундай ақлсизликка бошқа бир мамлакатнинг тазйиқи остида қўл урилаётгани вазиятни янада жиддийлаштиради”.
АҚШ Президенти сўнгги пайтларда Эрондаги айрим объектларга зарба бериш эҳтимоли ҳақида гапириб келмоқда. Бироқ у музокаралар яхши кетаётганини ҳам билдирган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг 2 ноябрь куни маълум қилишича, 1 ноябрь куни Доҳада Қатар вакиллари билан келишувга эришиш бўйича музокаралар давом этган. Аммо ҳозирча якуний келишувга эришилмаган.