Эргашевнинг рақиби Ўзбекистон рамзлари туширилган футболкада кўриниш берди (видео)
Спорт
−
18 Август 2023
4410Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев Халқаро бокс федерацияси (IBF) камари соҳиби пуэрто-риколик Сабриэль Матиасга қарши жанг ўтказиши ҳақида хабар берган эдик. Мазкур жанг олдидан IBF чемпиони Ўзбекистон давлат рамзлари туширилган футболкада машғулот олиб бормоқда. Тегишли видео Сабриэль Матиаснинг Instagram саҳифасида эълон қилинди.
Аввалроқ IBF буйруғига кўра, жорий йилнинг 15 август куни промоутерлик савдоси ўтказилиб, Эргашев - Матиас жанги ташкилотчиси аниқланиши керак эди, бироқ ауцион бир ҳафтага қолдирилди. Бу муддат ичида Эргашев ва Матиаснинг промоутерлари жанг бўйича яна музокара олиб боради, агар шу муддат ичида ҳам томонлар келишувга эриша олмаса, проумоутерлик савдоси ўтказилади.
Матиаснинг ижтимоий тармоқда эълон қилган видеосидан тушуниш мумкинки, томонлар белгиланган вақт ичида келишувга эриша олади ва у ушбу жангни ҳақиқий шоу даражасига олиб чиқиш истагида.
Пуэрто-риколик чемпион ҳолатни “Ажойиб жанг яқинлашмоқда”, дея изоҳлаган.
Маълумот учун, Матиас профбоксда 20 та жанг ўтказиб, 19 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этган. Даъвогар Шоҳжаҳон Эргашев эса фаолияти давомида 23 та жангда иштирок этиб, барчасида рақибларидан устун келган. У жангларининг 20 тасида нокаут, 3 тасида ҳакамлар қарори билан ғалабага эришган.
LiveБарчаси