Эрдўғанга Қирғизистоннинг олий мукофоти топширилди
Олам
−
05 Ноябрь
2690Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 5 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга мамлакатнинг биринчи даражали мукофоти “Манас” орденини топширди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Орден Бишкекдаги Президент администрациясининг янги биносида раҳбарлар йиғилиши пайтида тантанали равишда топширилган.
“Ушбу мукофот Ражаб Тойиб Эрдўғанга Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, икки халқ бирлиги ва дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун берилди”, дейилади хабарда.
Тақдирлаш маросимида Президент Садир Жапаров Туркия Президентига қирғиз халқининг чуқур миннатдорлигини билдириб, ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги шахсий саъй-ҳаракатлари учун Эрдўғанга Қирғизистон Республикасининг олий давлат мукофотини топшириш у учун катта шараф эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, биринчи даражали “Манас” ордени Қирғизистоннинг энг юқори мукофоти ҳисобланади. У мамлакат ва демократик жамиятни, халқ бирлигини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлашга, давлатнинг иқтисодий, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширишга қўшган улкан ҳиссаси учун топширилади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 5 ноябрь куни Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан бўлиб ўтган икки томонлама музокаралар пайтида Қирғизистоннинг расмий Анқара олдидаги 58,9 миллион долларлик ташқи қарзидан воз кечганди. Маълумотларга кўра, Эрдўған расмий Бишкекнинг яшил иқтисодиёт лойиҳалари эвазига ушбу қарзлардан воз кечган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси