Эрдўған Қирғизистоннинг салкам 60 млн долларлик қарзидан воз кечди
Олам
−
05 Ноябрь
3977Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 5 ноябрь куни Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан бўлиб ўтган икки томонлама музокаралар пайтида Қирғизистоннинг расмий Анқара олдидаги 58,9 миллион долларлик ташқи қарзидан воз кечди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Жапаров эса Эрдўғанга ушбу қарори учун миннатдорлик билдирган.
“Мен Президент Эрдўғанга Қирғизистоннинг Туркия олдидаги ташқи қарзини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман”, деган Садир Жапаров.
Қайд этилишича, Эрдўған расмий Бишкекнинг яшил иқтисодиёт лойиҳалари эвазига қарзлардан воз кечган.
Маълумот учун, 2024 йилнинг август ойи охирида Қирғизистоннинг Туркия олдидаги давлат қарзи 58,9 миллион долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 4 ноябрь куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга етиб борди. Бишкек шаҳридаги “Манас” халқаро аэропортида Туркия раҳбари ва биринчи хоним Эмине Эрдўғанни Президент Садир Жапаров ва рафиқаси Ойгул Жапарова кутиб олган. Бугун, 5 ноябрь куни Қирғизистон Президенти туркиялик мавқедошига от совға қилди. Бунга жавобан Эрдўған Жапаровга TOGG маркали замонавий турк электромобилини совға қилди. Туркия Президенти мазкур ташрифи доирасида 6 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиши кутилмоқда. Ушбу тадбир аъзо мамлакатлар ўртасида минтақавий ҳамкорлик ва ҳамдўстликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.