Эрдўған жудоликка учради 

Олам

−

visibility17587 timer3 дақиқа

image

Кеча, 26 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг “Қосимпашалик Камол афанди” номи билан танилган Қуръон устози, ҳофизи Қуръон Али Камол Ҳут вафот этди. Бу ҳақда “Sözcu” хабар берди.

Нашрга кўра, бугун, 27 ноябрь куни вафот этган ҳофизи Қуръон Али Камол Ҳут учун Истанбулдаги Фотиҳ масжидида жаноза маросими ўтказилган. Маросимда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шахсан ўзи иштирок этган. Президент Қуръон устози бўлган марҳумнинг оила-аъзоларига ва яқинларига таъзия билдирган ва тобути ёнида устози ҳаққига дуо қилган.

Истанбул Ҳасеки олий диний ихтисослашув маркази ўқитувчиси доктор Азиз Чинор имомлигида ўқилган жаноза намозида Эрдўған билан бирга Ёшлар ва спорт вазири Усмон Ашқин Бак, Саноат ва технологиялар вазири Меҳмет Фотиҳ Кажир, Туркий давлатлар билан алоқалар бўйича раҳбар Куршад Зорлу, Президент Администрацияси Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Бурҳониддин Дуран, Президентнинг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича Бош маслаҳатчиси Акиф Чағатай Қилич, Туркия Буюк Миллат Мажлиси Ички ишлар комиссияси раиси ва Истанбул депутати Сулаймон Сойлу, Истанбул губернатори Давут Гул, Хазина ва молия собиқ вазири Берат Албайрак, Европа Иттифоқи ишлари собиқ вазири ва элчи Эгемен Бағиш, Истанбул полицияси бошлиғи Селами Йилдиз, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳамда “İlim Yayma Vakfı” жамғармаси васийлик кенгаши раиси Нажмиддин Билол Эрдўған ҳам қатнашган.

 

Истанбул вилояти муфтийси, доцент доктор Амруллоҳ Тунжел намоздан сўнг дуо қилган. Шундан кейин Исмоил Оға масжидининг нафақадаги имом-хатибларидан Салоҳиддин Атамтурк марҳум ҳақида яхши гувоҳлик сўзларини айтган. 

Президент Эрдўған ўз нутқида устоз Али Камол Ҳутни болалигидан, Қосимпашадаги “Жоме Кабир” масжидидан танишини айтган. Эрдўғаннинг айтишича, улар ўртасидаги узоқ йиллик муносабатлар айнан шу ердан бошланган. 

Эрдўған марҳум кейинчалик Фотиҳ туманининг Чоршанба мавзесига кўчиб ўтганини, сўнг Амир Бухорийда шогирдлар тарбиялай бошлаганини ҳам қўшимча қилган.

“Бу ерда унинг умри давом этди. Кейинчалик Амир Бухорийда шогирдлар етиштира бошлади. Ўтган ҳафтада у ерга сўнгги бор ташриф буюргандик. Шу ташрифдан кейин бу хабарни эшитдик. Аллоҳ раҳматига олсин, жойи жаннатда бўлсин. Парвардигор бизни Ўз жаннати ва жамоли билан сийласин. Биз Камол афандини жуда яхши кўрардик. У камтарлик тимсоли эди. Камтарлик борасида унга ўхшаган инсонлар жуда кам бўлса керак. У шундай инсон эди”, деган Туркия Президенти.

Эрдўған сўзининг якунида марҳумнинг ҳаққига дуо қилиб, йиғилганлардан устозидан рози бўлишларини сўраган. 

“Парвардигор бизни суюкли Ҳабибининг “Ливоул-ҳамд” номи билан аталган байроғи остида жамласин. Аллоҳ ёр ва мададкоримиз бўлсин. Марҳум ҳақида яхши гувоҳликлар билдирилди. Биз ҳам бир гувоҳлик билдирамиз. Барчамиз ундан рози бўлайлик. Ҳаққимиз ҳалол бўлсин”, дейди у. 

Шундан сўнг, Президент жаноза машинасига олиб чиқилаётган устозининг тобутини елкасига олган. Али Камол Ҳутнинг жасади маросимдан кейин дафн этиш учун Истанбулнинг Айвонсарой мавзесидаги Амир Бухорий хонақоҳи қабристонига олиб кетилиб, дафн қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг