Эрдўған Тоғли Қорабоғ можаросида Минск учлигини айблади
Олам
−
27 Сентябрь 2020
15666Бугун, 27 сентябрь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди.
Туркия Президенти Озарбайжон давлати ва халқига Арманистон ҳарбийлари билан қуролли тўқнашувда тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматчилар вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия ҳар доимгидек Озарбайжоннинг ёнида эканлигини таъкидлаган.
Ўз навбатида Алиев таъзия учун миннатдорлик билдириб, Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этишда Туркия Президенти Озарбайжонни доимий қўллаб-қувватлашини юқори баҳолаган.
Президент Илҳом Алиев Арманистоннинг Озарбайжонга қарши ҳарбий провокацияси натижасида фронтда содир бўлган воқеалар ҳақида маълумот берган.
Давлат раҳбарлари дўст ва қардош Озарбайжон билан Туркия ўртасидаги муносабатлар бундан кейин ҳам муваффақиятли ривожланиб боришига ишонч билдирган.
Телефон орқали суҳбатдан кейин Ражаб Тойиб Эрдўған воқеаларга нисбатан муносабат билдирди. Ўзининг Twitter’даги саҳифасида қилган баёнотида Эрдўған шундай дейди:
"Озарбайжонга қарши ҳужумларига янгисини қўшган Арманистон, минтақадаги тинчлик ва осойишталик учун энг катта таҳдид эканлигини яна бир бор намойиш этди. Турк миллати ҳар доимгидек барча воситалар билан озар биродарлари ёнида”.
Президент Эрдўған қуйидагиларга эътибор қаратди:
"Арманистоннинг провокацион тажовузига муносабат билдира олмайдиган халқаро ҳамжамият ўзларининг иккиламчи стандартларини яна бир бор намойиш этмоқда. Қарийб 30 йил давомида бепарво муносабатини сақлаб келаётган Минск учлиги, афсуски, ечимга йўналтирилган иш тутишдан жуда йироқ. Биз бутун дунё мамлакатларини мустамлакачилик ва зулмга қарши курашда Озарбайжоннинг ёнида бўлишга чақирамиз”.
Эрдўған сўзи охирида Туркия доим Озарбайжон тарафидалигини алоҳида урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ можаросининг аланга олишида Туркияни айблаганди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари бугун, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Арманистон эса ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошлаганини айтмоқда. Тўқнашувлар ортидан Баку расман қуролли ҳужум бошлаганини эълон қилди.
Мазкур ҳолатга нисбатан аллақачон Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари муносабат билдирди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳолат бўйича халққа видеомурожаат қилди.
LiveБарчаси