Эрдўған тарқатиб юборилган PKK бўйича илк бор сўз очди
Олам
−
12 Июль 6124 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда тақиқланган Курдистон Ишчилар партияси (PKK) қуролларни ташлагач, илк баёнотини берди. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг Х ижтимоий тярмоғида ёзиб қолдирди.
Эрдўған ушбу воқеани республика хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам, деб атаган.
“Бугун терроризмсиз Туркия йўлида ташланган муҳим қадамингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло бизга мамлакатимиз хавфсизлиги, халқимиз тинчлиги ва минтақамизда барқарор тинчликни ўрнатиш йўлида мақсадларимизга эришиш имконини берсин”, деган Туркия Президенти.
Маълумот учун, Курдистон Ишчилар партияси 1978 йил 27 ноябрда чап социалистик партия сифатида ташкил этилган ва 1984 йил 15 августдан бошлаб Туркия ҳукуматига қарши қуролли урушни бошлаган. Унинг тарафдорлари Абдулла Ўжалонни олий етакчи ва мафкуравий илҳомлантирувчи деб билади.
Туркия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва айрим бошқа давлатлар PKKʼни террорчи ташкилот деб тан олган.
Абдулла Ўжалон 1999 йилдан бери Имрали оролидаги қамоқхонада изоляцияда сақлаб келинмоқда. У жорий йилнинг 27 февраль куни тарихий баёнот бериб, тарафдорларини Туркияга қарши 40 йилдан ортиқ давом этган курашдан сўнг қуролларини ташлаб, PKK тарқатилганини эълон қилишга чақирди. Бу ҳаракат 40 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган можарода тинчликка йўл очишга қаратилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Курдистон Ишчилар партияси қуролли можарони тўхтатиш ва ўзини тарқатиб юборишга қарор қилгани ҳақида баёнот тарқатганди. Қолаверса, партия Шимолий Ироқда ўтказилган маросимда ўз ихтиёри билан қуролларини топширгани ва уларни рамзий тарзда ёққанини тасдиқлаганди.
Live
Барчаси