Эрдўған Озарбайжоннинг Арманистон устидан ғалабасидан ғурурланишини айтди
Олам
−
03 Ноябрь 2023
3605Туркия Озарбайжоннинг Арманистон устидан ғалабаси ва Қорабоғда 30 йилдан сўнг тарихий адолат тикланганидан ғурурланади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 3 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг Остонада бўлиб ўтган 10-саммитидаги нутқида сўз очди.
Унинг қайд этишича, глобал муаммоларга қарши курашда энг муҳим куч Туркий дунёнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва бирдамлигидир.
“Бу ҳақиқатни сўнгги пайтларда дуч келган кўплаб воқеаларда кўрдик ва кўришда давом этяпмиз. Ватан урушидан кейин Озарбайжон Қорабоғда 30 йилдан бери давом этган ишғолга барҳам берди. Ушбу тарихий ютуқдан биз катта фахр ва ифтихор ҳиссини туямиз. Шу тариқа, минтақамиз доимий тинчликка бир қадам яқинлашди”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбарига кўра, очилган имкониятлар деразасидан унумли фойдаланиш Туркия ва Туркий дунёнинг энг катта орзусидир.
У, шунингдек, Арманистонни Озарбайжон ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди.
“Арманистоннинг Озарбайжон олдидаги мажбуриятларини бажариши муҳим. Нахчиванни Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари билан боғлайдиган транспорт линиясини амалга ошириш ҳам катта аҳамиятга эга. Йўлнинг очилиши минтақадаги барча давлатларнинг фаровонлигига катта ҳисса қўшади ва Туркияни ҳам ота-боболаримиз ватани Марказий Осиё билан боғлайди. Туркий дунё ўлароқ бу жараённинг муваффақиятли якунланиши учун Озарбайжонга ёрдамимизни давом эттиришимиз керак”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, ушбу саммитда нутқ сўзлаган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакат Арманистон устидан қандай ғалаба қозонгани ва уч йил ичида Қорабоғни қандай эгаллаганини айтиб берганди. Қолаверса, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Фузулийда мактаб қуришда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевга юзланиб, Озарбайжонни тарихий адолат ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани билан табриклади.