Алиев уч йил ичида Қорабоғни қандай эгаллаганини айтиб берди

Олам

image

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида хавфсизлик, мудофаа, мудофаа саноати каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ошириш керак. Бу ҳақда Ташкилотнинг Остонада бўлиб ўтган 10-саммитида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев сўз очди. 

“Афсуски, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида халқаро ҳуқуқ нормалари қўпол равишда бузилмоқда. Урушлар, қонли тўқнашувлар бошланади. Бунда хавфсизликнинг асосий кафолати, биринчи навбатда, мамлакатларнинг мудофаа салоҳиятига айланади. Аъзо давлатлар ўртасида хавфсизлик, мудофаа,  мудофаа саноати каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ошириш керак, деб ҳисоблайман”, дейди Алиев. 

Унинг қайд этишича, Арманистон 30 йилга яқин Озарбайжон ерларини босиб олиб, у ерда ноқонуний уйдирма тузум яратди. Арманистон томонидан олиб борилган этник тозалаш оқибатида бир миллиондан ортиқ озарбайжонликлар ўз ота-боболари заминидан қувилган. Арманистон шаҳар ва қишлоқларни ер билан яксон қилди, тарихий ва диний ёдгорликларни вайрон қилди, бузди. 

“Бу йиллар давомида Озарбайжон можарони тинч йўл билан ҳал қилишга интилди. Бироқ, Арманистоннинг мақсади босқинчиликка асосланган статус-квони мустаҳкамлаш эди. 

Арманистон Бош вазирининг 2019 йилда ўша пайтда босиб олинган Хонкенди шаҳрида “Қорабоғ Арманистондир, нуқта” деган баёноти музокараларга нуқта қўйди. Арманистон раҳбарияти Озарбайжонга “янги ҳудудлар учун янги уруш” билан таҳдид қилган эди. 

Арманистон раҳбариятининг 2020 йилдаги провокацион ҳаракатлари ва баёнотлари, жумладан, ҳарбий провокациялар Иккинчи Қорабоғ урушини муқаррар қилиб қўйди”, дейди Алиев. 

Унинг билдиришича, 2020 йилги 44 кунлик Ватан урушида Озарбайжон БМТ Низомининг 51-моддасига асосан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Арманистонни жанг майдонида мағлуб этиб, ҳудудий яхлитлиги ва тарихий адолатни тиклаган. 

“Қолган 27 йил давомида Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларидан Арманистон қуролли кучларини олиб чиқишни талаб қилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тўртта резолюциясининг қоғозда бажарилишини ўзимиз таъминладик. Атиги 44 кун давом этган Иккинчи Қорабоғ урушининг натижаси 2020 йил 10 ноябрда Арманистон томонидан таслим бўлиш тўғрисидаги актнинг имзоланиши бўлди”, дейди у. 

Президентга кўра, Арманистоннинг Озарбайжонга нисбатан босқинчилик ва этник тозалаш сиёсатига қарамай, айнан Баку Ереван билан тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини маълум қилган ва беш асосий тамойилни тақдим этган. 

“Арманистон 2022 йилда Озарбайжоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олганини эълон қилган бўлса-да, унинг амалдаги ҳаракатлари мутлақо мантиқсиз ва зиддиятли эди. Арман армиясининг қолдиқлари Озарбайжоннинг суверен ҳудудида бўлишда давом этди. Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Арманистон Бош вазирининг сохта шахсни “мустақиллик” билан табриклагани, 9 сентябрда Қорабоғда бўлиб ўтган “президентлик сайловлари” эса мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига ҳурматсизлик ва тўғридан-тўғри таҳдид эди”, дейди Алиев.  

Алиевнинг афсус билан билдиришича, жорий йилнинг 19 сентябрь куни ноқонуний арман қуролли гуруҳлари томонидан озод қилинган ерларга атайлаб ўрнатилган мина портлашлари 6 нафар тинч аҳоли ва полиция ходимининг ҳаётига зомин бўлган. Шундан сўнг Озарбайжон ўзининг конституциявий тузумини тиклаш ва ноқонуний қуролли гуруҳларни зарарсизлантириш мақсадида маҳаллий аксилтеррор тадбирларини амалга оширган. 23 соат ичида якунланган операция натижасида Озарбайжон ўз суверенитети ва конституциявий тузумини тўлиқ тиклаган. Аксилтеррор чоралари натижасида тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига ҳеч қандай зарар етмаган. Озарбайжон халқаро инсонпарварлик ҳуқуқига тўлиқ риоя қилган ҳолда ҳаракат қилган. Бу фактларни минтақага икки марта ташриф буюрган БМТ вакиллари ҳам тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Қорабоғ Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг