Алиев Қорабоғни тиклашга қанча пул кетаётганини айтиб, Мирзиёевдан миннатдор бўлди
Олам
−
03 Ноябрь 2023
8191Ўтган уч йилда Арманистоннинг 30 йиллик истилосидан озод қилинган Қорабоғ ерларини тиклаш учун 7 миллиард АҚШ доллари маблағ сарфланди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бугун, 3 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти 10-саммитидаги нутқида сўз очди.
“Уч йил аввал Ватан уруши тугаганидан сўнг, Озарбайжонда ишғолдан озод қилинган ҳудудларда кенг кўламли реставрация ва қурилиш ишлари бошланди. Бу мақсадлар учун Озарбайжон бюджетидан 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. Келгуси йилда камида 2,4 миллиард АҚШ доллари ажратиш режалаштирилган”, дейди Алиев.
Унинг қайд этишича, айни вақтда Ҳукумат “Буюк қайтиш” дастурини амалга оширмоқда. Бу ерларнинг ҳақиқий эгалари бўлган собиқ мажбурий кўчирилганлар аллақачон Лочин ва Фузулий шаҳарлари ҳамда учта қишлоққа қайтиб борган.
“2026 йил охиригача Қорабоғ ва Шарқий Зангезурга 140 мингдан ортиқ аҳолини қайтариш режалаштирилган”, дейди мамлакат раҳбари.
У Фузулий шаҳрида қурилиши тугалланган мактаб учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга яна бир бор миннатдорлик билдирди.
“Август ойида биргаликдаги иштирокимиз билан бўлиб ўтган мактабнинг очилиш маросимини мамнуният билан эслайман. Қозоғистоннинг Озарбайжонга туҳфаси бўлган Фузулий шаҳрида қурилаётган бунёдкорлик маркази учун Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга миннатдорлик билдираман. Бу Озарбайжон ва Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарининг ифодасидир”, дейди Президент.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлиб, 30 йиллик арман истилосидан озод қилинган Қорабоғ вилоятига борди. Давлат раҳбарлари Фузулийда бўлиб, у ерда Ўзбекистон кўмаги билан қурилган Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг очилиш маросимида иштирок этдилар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь