Эрдўған ҳеч қачон ҲАМАСни террорчи ташкилот сифатида тан олмаслигини айтди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҲАМАСни террорчи ташкилот сифатида тан олмаслигини, ҳаттоки келажакда бу ҳақда ўйлаши мумкин эмаслигини айтди. Бу ҳақда у Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясидан (COP28) қайтаётганида сўз очган.

"ҲАМАС террорчи ташкилот эмас. Улар 1947 йилдан то шу кунгача ўз ерида босқинчиларга қарши курашаётган одамлар. Ҳозир мен ҳам худди шундай позициядаман. Мен ҳеч қачон ҲАМАСни террорчи ташкилот деб тан олмайман. Ким нима деса ҳам", дейди Эрдўған.

У АҚШ Молия вазирининг терроризмга қарши кураш ва молиявий разведка бўйича маслаҳатчиси Брайан Нельсоннинг шу ҳафта Анқарага ташрифи чоғида Туркиянинг ҲАМАСга нисбатан позициясидан норозилигига ўз муносабатини билдирган.

Шунингдек, Эрдўған 20 йил аввал Америка Қўшма Штатларига илк сафари чоғида яҳудий жамияти вакиллари билан учрашувда ундан ҲАМАСга муносабати ҳақида сўралганини эслади. 

“Сиз PKK (Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган), FETO (АҚШда яшовчи ваъзхон Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги Анқара томонидан тан олинган террорчилик ташкилоти)ни мукофотлаган ва ҳатто уларни Овал офисда қабул қилган ҳолда, биздан ҲАМАСга нисбатан ёмон муносабатни кута олмайсиз. Мен буни имон ва виждон билан боғлай олмайман. Мен Америкадаги каби эмас, ҲАМАС ва FATH (Фаластин озодлик ҳаракати) даги одамларни жуда яхши биламан. ҲАМАС биринчи навбатда Фаластиннинг ҳақиқати, бу сиёсий партия, сиёсий партия сифатида у сайловларда қатнашган ва ғалаба қозонган”, деган Туркия раҳбари.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Ғарб, айниқса, Қўшма Штатлар доимо ҲАМАСни террорчи ташкилот сифатида кўрсатиб келади. Унинг таъкидлашича, Анқаранинг ташқи сиёсати Туркия Республикаси манфаатлари ва халқининг умидларига мувофиқ равишда қурилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Молия вазири ўринбосари Брайан Нельсон 30 ноябрь куни Туркия расмийлари билан АҚШнинг ҲАМАС Туркияда маблағ йиғаётгани, эҳтимол бу мамлакат қонунларини бузаётгани ҳақидаги чуқур хавотирларини муҳокама қилганини айтганди. Оқ уй эса Туркиянинг ҲАМАС билан яхши муносабатлари сабаб турк ширкатлари ва шахсларига қарши санкциялар жорий этишга тайёрлигини билдириб, Анқарани огоҳлантирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг