АҚШ Туркияга таҳдид қилмоқда

Олам

image

Оқ уй турк ширкатлари ва шахсларига қарши санкциялар жорий этишга тайёрлигини билдириб, Анқарани огоҳлантирди. Бундай таҳдидларга Туркиянинг Россия ва ҲАМАС билан яхши муносабатлари сабаб бўлган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди

Қайд этилишича, чекловчи чоралар Москвага Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун жавоб бўлади. Бундан ташқари, АҚШ Молия вазири ўринбосари Брайан Нельсоннинг айтишича, ҲАМАСнинг янги ҳужумларида Анқаранинг молиявий изи аниқланган тақдирда ҳам Туркияга чекловлар жорий этилади.

"Биз буни тўхтатиш учун қўлимиздан келганини қилишга қарор қилдик ва буни Туркия билан ҳамкорликда амалга оширишни хоҳлаймиз, лекин биз бир томонлама ҳаракат қилишга ҳам тайёрмиз", деб таҳдид қилган сиёсатчи.

Шунингдек, Брайан Нельсон кеча, 30 ноябрь куни Туркия расмийлари билан АҚШнинг ҲАМАС Туркияда маблағ йиғаётгани, эҳтимол бу мамлакат қонунларини бузаётгани ҳақидаги чуқур хавотирларини муҳокама қилганини айтган.

“Туркия ҲАМАСни молиялаштиришда муҳим ўрин тутади ва афтидан, бу гуруҳ раҳбарияти Исроил билан давом этаётган уруш фонида пул оқимини ошириши керак”, дейди у.

Таъкидлаш жоизки, аксарият Ғарб мамлакатлари ва Форс кўрфази давлатларидан фарқли ўлароқ, Туркия ҲАМАСни террорчи гуруҳ деб ҳисобламайди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сўнгги ҳафталарда Ғазонинг бомбардимон қилиниши ортидан ҲАМАСни “озодлик жангчилари”, Исроилни эса “террорчи давлат” деб атаган.

Қайд этилишича, Америка Қўшма Штатлари 7 октябрь куни Исроилга ҳужуми ортидан ҲАМАСни молиялаштиришни чеклаш мақсадида Туркиядаги бир қанча юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилган.

Нельсоннинг айтишича, Туркия донорлар, хайрия ва нотижорат ташкилотлардан пул йиғиш учун ҲАМАСнинг ўтмишдаги ҳаракатларига шерик бўлган.

“Туркия ҲАМАСни қонуний ташкилот деб ҳисобласа ҳам, бу ташкилот Туркия қонунларини бузаётган бўлиши мумкин. Туркия, АҚШ санкцияларидан қатъи назар, ўз ҳуқуқ-тартибот идоралари ёрдамида бу муаммони ҳал қилиш учун етарли имкониятларга эга”, деган АҚШ Молия вазири ўринбосари.

Нельсон, шунингдек, Россияга санкциялар рўйхатига киритилган товарлар савдосида ёрдам беришда гумон қилинган турк ташкилотларига нисбатан янги Америка санкцияларини жорий этиш имкониятини ҳам кўтарган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Туркия ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг