Эрдўған ҳам рафиқаси билан Тошкентга келди
Жамият
−
08 Ноябрь 2023
9658Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлигида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Тошкентга етиб келди.
Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида Эрдўған ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг, Олий мартабали меҳмон ўзи учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетган.
Маълумот учун, 8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ИҲТнинг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади. Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Саммит дастури доирасида Ўзбекистон етакчиси қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 1985 йилда асос солинган, унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон Республикаси 1992 йилдан бошлаб ИҲТ аъзосидир. Ушбу ташкилотнинг охирги саммити 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров рафиқаси Ойгул Жапарова ҳамроҳлигида Тошкентга етиб келганди. Шу пайтгача Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ҳам ИҲТ саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь