Эпштейн иши: Норвегияда собиқ бош вазирга нисбатан тергов бошланди
Олам
−
14:08 3553 2 дақиқа
Норвегияда собиқ бош вазир, Норвегия Нобель қўмитасининг собиқ раиси ҳамда Европа Кенгашининг собиқ бош котиби Турбьёрн Ягландга нисбатан коррупция гумони билан тергов бошланди. Бу ҳақда Норвегиянинг иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлинмаси (Oekokrim) маълум қилди.
Қайд этилишича, Ягландга нисбатан тергов бошлаш қарори яқинда махфийликдан чиқарилган, Жеффри Эпштейн билан боғлиқ ҳужжатларда келтирилган маълумотларга асосланади.
“Эълон қилинган ҳужжатлар қамраб олган даврда у Нобель қўмитаси раиси ва Европа Кенгаши бош котиби лавозимларида ишлаганини инобатга олиб, тергов ўтказиш учун асосли сабаблар бор, деб ҳисоблаймиз”, дейилади баёнотда.
Ягландга нисбатан аниқ айбловлар илгари сурилмаган, бироқ Oekokrim маълумотларига кўра, тергов унинг илгари эгаллаган лавозими билан боғлиқ ҳолда совғалар олгани, сафар харажатлари қоплаб берилгани ва қарз маблағлари олгани масаласини қамраб олади. Шунингдек, полиция Ягландга халқаро ташкилотнинг собиқ раҳбари сифатида берилган дипломатик иммунитетни бекор қилишни сўраган. Oekokrim бу борада Норвегия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат юборган.
Маълумот учун, Ягланд 1996-1997 йилларда Норвегия бош вазири, 2000-2001 йилларда эса мамлакат Ташқи ишлар вазири бўлган. У 2009-2019 йилларда Европа Кенгаши бош котиби лавозимида ишлаган. Нобель қўмитасига эса 2009-2015 йилларда раҳбарлик қилган.
Жеффри Эпштейн 2008 йилда қўшмачиликни ташкил этганини тан олиб, вояга етмаган қизни зўрлашда айбдор деб топилган. У 2019 йил ёзида АҚШда яна қўлга олиниб, 14 ёшли қизларни қамраб олган вояга етмаганларни савдога чиқариш ва уларни фоҳишаликка жалб қилишда айбланган.
Ўша йилнинг августида 66 ёшли миллиардер судгача етиб бормай, қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилган. Унинг шериги, Буюк Британия фуқароси Гислейн Максвелл эса жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосига кўмаклашганлик учун 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича энг йирик ҳужжатлар архивини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу файлларга 3 миллион саҳифа матн, 180 мингта фотосурат ва 2 мингта видеоёзув киритилган. Хусусан, Эпштейн архивида Эндрюнинг ерда ётган аёл устида тиз чўкиб турган суратлари ҳам топилган. Улар қачон ва қаерда олингани номаълум.
Буюк Британия қироли Чарьлз III нинг укаси Эндрю Маунтбаттен-Виндзор Эпштейн иши бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлгач, Royal Lodge резиденциясини муддатидан олдин тарк этди.
Live
Барчаси