Эпштейн архивидан номи чиққан Эндрю қироллик қасридан фермага кўчмоқда
Олам
−
15:09 3969 2 дақиқа
Буюк Британия қироли Чарьлз III нинг укаси Эндрю Маунтбаттен-Виндзор Эпштейн иши бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлгач, Royal Lodge резиденциясини муддатидан олдин тарк этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ўтган йилнинг октябрь ойида Букингем саройи Эндрю 2026 йил бошида Буюк Виндзор боғидаги мулкдан кўчиб ўтишини эълон қилган. Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг навбатдаги йирик қисми эълон қилиниши унинг Англиянинг шарқида жойлашган Сандрингем мулкига кўчишини тезлаштирган бўлиши мумкин.
Сандрингем мулки қирол Чарльз III нинг шахсий мулки ҳисобланади ва укасининг янги уйига доир харажатларни айнан у қоплайди. Тахминларга кўра, охир-оқибат Эндрю шу мулк ҳудудидаги Марш фермасида яшайди.
Нашрнинг ёзишича, полиция бир аёл Эпштейн томонидан Буюк Британияга шаҳзода билан жинсий алоқа қилиш учун юборилгани ҳақидаги аризани кўриб чиқмоқда. Қайд этилишича, учрашув 2010 йилда Royal Lodge’да бўлиб ўтган бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳамда умуман молиячи билан алоқалари сабабли Маунтбаттен-Виндзордан АҚШда кўрсатма бериш талаб қилинмоқда. Шу билан бирга, у ҳар қандай қонунбузарликни доимо инкор этиб келган.
Билдирилишича, Эндрюнинг хулқи ва обрўси узоқ вақтдан бери қироллик оиласи учун жиддий муаммо бўлиб келмоқда. Энди эса улар собиқ шаҳзодани Лондондан ва Виндзордан узоқроққа кўчириш орқали жамоатчилик эътиборидан четроқда ушлаб туриш мумкинлигига умид қилмоқда.
Маълумот учун, 2025 йилнинг кузида Эндрю “шаҳзода” унвонидан, шунингдек расмий мурожаат ва “Қироллик олий ҳазратлари” мақомидан маҳрум этилган.
Шунингдек, ўтган йили декабрь ойи бошида Буюк Британия қироли Чарльз III укаси Эндрюни қолган сўнгги қироллик фахрий унвонларидан ҳам маҳрум қилган.
Шунингдек, Эндрю вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик айбловлари ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларда айбланган америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқалари фонида Йорк герцоги унвонидан фойдаланишдан воз кечган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича энг йирик ҳужжатлар архивини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу файлларга 3 миллион саҳифа матн, 180 мингта фотосурат ва 2 мингта видеоёзув киритилган. Хусусан, Эпштейн архивида Эндрюнинг ерда ётган аёл устида тиз чўкиб турган суратлари ҳам топилган. Улар қачон ва қаерда олингани номаълум.
Live
Барчаси