Энг асосий мақсадимиз Олимпия ўйинларига йўлланма олиш – Равшан Эрматов
Спорт
−
22 Январь
4199Кеча, 22 январь куни Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси Тошкентда ўқув-машғулот йиғинларини бошлади. Мидори Ҳонда шогирдлари февраль ойида Париж-2024 Олимпия ўйинларининг Осиё минтақаси 3-саралаш босқичи доирасида Австралия терма жамоасига қарши иккита учрашув ўтказади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бош мураббий Мидори Ҳонда билан футболчиларнинг айни пайтдаги ҳолати ва имкониятлари хусусида суҳбатлашди ва аёллар терма жамоаси олдида жуда муҳим вазифа турганини айтиб, бу йўлда ЎФА томонидан барча шароитлар тақдим этилишини маълум қилди.
“Энг асосий мақсадимиз Олимпия ўйинларига йўлланма олиш. Бунинг учун муносиб тайёргарлик кўришимиз керак. Австралияни мағлуб этишга сизнинг кучингиз етади. Жамоа аввалги учрашувларда нималарга қодир эканлигини кўрсата олди. Бутун диққат-эътиборимизни ушбу баҳсга қаратишимиз шарт. Сизга бутун Ўзбекистон ишоняпти ва умид қиляпти. Сизлар кўплаб ёш қизларга спорт билан шуғулланишда ўрнак бўляпсиз. Тарих ёзиш вақти келди” дейди Равшан Эрматов.
Маълумот учун, Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоасининг Австралияга қарши ўйинлари 24 ва 28 февраль кунлари бўлиб ўтади.
LiveБарчаси