Энергетика вазири “Газпром” билан имзоланган “йўл харитаси” бўйича изоҳ берди

Жамият

image

Айни пайтда Бишкекда ўтказилаётган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес форуми давомида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия билан газ импорти масаласида тузилган “йўл харитаси” бўйича журналистлар саволига жавоб берди. 

“Бу Россиядан табиий газни импорт қилиш бўйича чора-тадбирларни кўзда тутувчи йўл харитаси ҳисобланади. Яъни техник шартларни ўрганамиз, кейин техник имкониятлардан келиб чиқиб, тижорий нархлар бўйича келишсак, Россиядан газ импорт қилиш кўзда тутилади”, деган Мирзамаҳмудов.
Шунингдек, у журналистнинг Россиядан импорт қилинадиган газ қайси йўналишларга йўналтирилиши ҳақидаги саволига вазир “газ қувурга киргандан кейин ҳамма истеъмолчиларга — аҳолига ҳам, барча ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳам тарқатамиз”, дея жавоб берди.

Қолаверса, Жўрабек Мирзамаҳмудов ижтимоий тармоқларда тарқалган турлича фикрлар юзасидан ҳам изоҳ берди.

“Кеча журналистларга тушунтириш бердик, асосий мазмунини ҳам кўрсатдик, у ерда умуман газ транспорт тизимини хусусийлаштириш ёки бошқарувга бериш деган гап йўқ. Аввал ҳам, масалан, Туркманистондан Хитойга кетадиган газни айтганман, Ўзбекистон, Туркманистон, Хитой, Қозоғистон ҳудудида координацион қўмита бор, техник имкониятларнинг ҳаммасини биргаликда ўрганиб чиқади”, дея таъкидлаган Энергетика вазири.

Маълумот учун, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси рахбари Aлексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтиб, томонлар ўртасида “йўл харитаси” имзоланган эди. Мазкур хабарни Ўзбекистон ҳукуматидан эмас, “Газпром”дан эшитган ўзбекистонликларда турли хил шубҳалар пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқ фаоллари бу “йўл харитаси” ниқоби остидаги “газ иттифоқи” ёки “шартнома” эканидан хавотир билдирган. Бироқ, Энергетика вазирлиги кеча, 25 январь куни бундай фикрларни рад этиб чиқди. Мазкур “йўл харитаси”нинг шартлари эса ҳалигача очиқлангани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам муносабат билдиргани ҳақида хабар берган эдик. У келишув тафсилотларининг очиқланмагани сир эмас, аксинча бизнес одоби эканини айтиб чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги Газпром Жўрабек Мирзамаҳмудов йўл харитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг