Энди солиқларни яхши тўлаган маҳаллаларга қўшимча пул берилади

Жамият

image

Жорий йилдан бошлаб Солиқ қўмитаси ер ва мол-мулк солиқларини тўланганлик даражасига қараб, “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтингини эълон қилади.  Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 октябрь куни маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очди.

Бунда 100 таликка кирган маҳаллага “Ташаббусли бюджет”нинг янги тизими бўйича инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлаб берилади. Шунингдек, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига қўшимча 2 миллиард сўмдан ажратилади.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3 миллиард сўмдан маблағ берилади. Маҳалла ҳудудида санитария, экология ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади. Маҳаллалар бюджетига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўмдан ажратилади. 

“Ана шу айтиб ўтган бешта манба ҳисобидан келгуси бир йил учун 2 мингта маҳаллага қўшимча 8,5 триллион сўм маблағ беряпмиз”, деди Президент.

Бир ой олдин “Ташаббусли бюджет” бўйича янги қарор қабул қилиниб, маҳаллада одамларнинг ўзи фаол бўлиб бошлаган лойиҳаларга кўмак берадиган тизим жорий қилинди. Бунда қайси маҳаллада аҳоли йўл, сув, мактаб, боғчани таъмирлашни бошлаган бўлса, харажатининг ярмини давлат кўтаради. Бу мақсадлар учун келгуси йилда яна 1 мингта лойиҳага 500 миллиард сўм ажратилади.

Президент маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўтган ҳафта имзоланган қарорга мувофиқ, Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та оғир маҳалла белгилаб олинди. Бу туманларнинг ҳар бирига 100 миллиард сўмдан, 330 та маҳалланинг ҳар бирига эса 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар ҳам мазкур мақсадларга қаратилади.

Бундан ташқари, ушбу туман ва маҳаллалардаги “драйвер” лойиҳалар инфратузилмаси учун яна 2 триллион сўм берилади. Умуман, бу дастурни молиялаштириш учун 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Вилоят ҳокимларининг ўзи ҳам 2 тадан, туман ҳокимлари эса 1 тадан оғир маҳаллани белгилаб, уларга 5 миллиард сўмдан йўналтириши, яна 236 та маҳалла аҳолиси турмушида кескин ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ Шавкат Мирзиёев маҳалла

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг