Энди ОТМларнинг “сиртқи”сида ўқийдиган ёшларнинг контракти тўлаб берилади
Жамият
−
30 Июнь 2022
32369Бундан буён ҳар йили олийгоҳларнинг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинган 500 нафар энг фаол ёшлар етакчиларининг контракт тўловлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлаб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилаётган байрам тадбирида маълум қилди.
“Ёш раҳбар кадрлар захираси” шакллантирилиб, унинг 30 фоизи ёшлар етакчилари ҳисобидан тўлдирилади. Мен ёшлар етакчилари тимсолида бўлажак ҳокимлар ва вазирларни, йирик банк ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар лидерларини кўраман!”, деди давлат раҳбари.
Президентга кўра, жорий йилдан бошлаб 36 та спорт федерацияси, 274 та спорт мактаби ўз ҳудудидаги маҳаллалар, ўрта мактаблар, коллеж ва техникумлар билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳар бир кўча, маҳалла, мактаб, коллеж ва техникумда футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат-шашка ва бошқа спорт турлари бўйича жамоалар тузилади.
“Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, замонавий билимларни эгаллашдан, кўнглингиздаги эзгу мақсадлар сари ҳаракат қилишдан, ҳеч қачон тўхтаманг!”, дея таъкидлади Мирзиёев.