Энди “Open budget” учун овоз йиғишга мажбурлаш мажбурий меҳнат деб баҳоланади
Жамият
−
10 Апрель 2023
6069Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга кўра, эндиликда "Ташаббусли буджет" учун овоз йиғишга мажбурлаш мажбурий меҳнат сифатида баҳоланади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу қарорда тизимга оид бир қатор вазифа ва қоидалар белгиланган. Қарорга кўра, "Open budget"да 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1309 та лойиҳа учун ҳам қўшимча 1,3 триллион сўм маблағ ажратилади.
Жорий йил 1-мавсумда ғолиб деб топилган 2 975 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши қатъий назоратга олинади. Бунда:
- жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб жорий йилнинг июль ойи;
- қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб август ойи белгиланади;
- ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади. Бунда, овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади;
- ташаббусли бюджет жараёнида овоз тўплаш ва ғолибларни аниқлаш механизмини танқидий кўриб чиқиш, жумладан кенг жамоатчилик билан муҳокама қилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси тасдиқлангани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёда ўқитувчилар "Open budget" учун овоз йиғишга мажбурлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида бошланғич синф ўқувчиларидан "Open budget"га овоз йиғиш учун 10 минг сўмдан пул йиғдирилганди. Кейинроқ ўша мактаб директори ишдан олинган.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси