Энди дориларни сунъий ушлаб турувчилар жаримага тортилади
Жамият
−
10:54 1130 2 дақиқа
Дори воситаларини вақтинча ушлаб туриб, сунъий тақчилликни келтириб чиқариш ҳолатларига қарши қатъий чоралар кўрилади ва бундай инсофсиз рақобатдан топилган фойда учун жарима белгиланди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабар қилди.
Агентликка кўра, аҳоли эҳтиёжи юқори бўлган дори воситаларини омборларда сақлаб туриш, сунъий дефектура ва тақчиллик юзага келтириш мақсадида уларни реализация қилмаслик, бозордаги таъминот занжирига асоссиз равишда чеклов ўрнатиш ҳамда мазкур ҳолатлар орқали нархлар ошишига шароит яратиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли молиявий санкциялар қўлланилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 4 октябрдаги “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 42-моддаси 2-бандига мувофиқ, товар ёки молия бозорида устун мавқени ҳамда устун музокара кучини суиистеъмол қилганлик, шунингдек, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган маҳсулотлар нархларини асоссиз равишда оширганлик ҳолатларида хўжалик юритувчи субъектларга қонунчилик бузилган давр учун (бироқ охирги уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатда) товарни реализация қилишдан олинган тушум суммасининг 5 фоизи миқдорида молиявий жарима қўлланилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 694-сон қарори билан тасдиқланган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 9-бандига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан инсофсиз рақобат содир этилган тақдирда, “Рақобат тўғрисида”ги Қонунда белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда “Электрон рецепт” тизими бекор қилинмаслиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиПутин Хитойга етиб борди
21:09