Хорижда ишлаётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия олмоқчи бўлса, ижтимоий солиқ тўлайди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилувчи шахслар қаторига киритилганди. Шунга мувофиқ уларга пенсия олиш учун тегишли ижтимоий солиқни тўлаш тартиби тушунтирилиши белгиланганди.

Бу қарор эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу сабабдан қарор юзасидан қўшимча изоҳ беришга зарурат туғилди.

Шуни қайд этиш керакки, ўзини ўзи банд қилган шахслар даромад солиғи тўламайди, ижтимоий солиқни эса пенсия олиш учун иш стажига эҳтиёж сезсагина тўлайди.

2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади.

Уларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.

Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун камида БҲМнинг 50 фоизи ҳажмида (111 минг 500 сўм) белгиланган.

Агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ.

Кўриниб турибдики, меҳнат мигрантларининг ўзини ўзи банд қилган шахсга тенглаштирилиши уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ мигрант

Баҳолаганлар

256

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг