“Электр узилди” деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди – Шавкат Абдураззоқов (видео)
Жамият
−
18:16 1753 2 дақиқа
Ўзбекистонда “электр узилди” деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди. Бу ҳақда кеча, 25 август куни Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Президент иштирокида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида 143 та лойиҳага старт бериш маросимида сўз очди.
“Энергия сақлаш тизимида турибмиз. Битта нарсага амин бўлиб, ҳамма қайтаряптики, Ўзбекистонда, Наманганда электр узилди деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди. Мана, ҳурматли Президентимизнинг сўнгги йиллардаги энг катта ислоҳотларининг натижаси деган ишонч ҳосил қилинди. Чунки Наманганнинг ўзида иккита 500 мегаваттли қуёш электр станцияси, Учқўрғон, Норин, Уйчи туманларида 300 мегаваттга яқин ГЭСлар қурилиши, Поп туманида ҳам яна 200 мегаваттли қурилиши айтилган гапларнинг исботи”, дейди Шавкат Абдураззоқов.
Унинг билдиришича, Наманган вилоятига ўтган йили 4 миллиард доллар инвестиция киритилган. Бу йил саккиз ойда 3 миллиард 200 миллион доллар ва йил якуни билан 5 миллиард доллар инвестиция киритилади. Бунинг устида ишланяпти, аниқ лойиҳалар бор.
“Куни кеча Озарбайжон билан ҳам сиз 210 миллион долларлик учта лойиҳамизга старт босиб бердингиз. Бу йилнинг ўзида 1300 километр ички йўлларни таъмирлаяпмиз. Умуман, сўнгги йилларда 6400 километр ички йўллар асфалтланди. Ҳурматли Президент, бунақанги ишлар ҳеч қачон бўлмаган, бирорта соҳа қолгани йўқ. Бу йилнинг ўзида 12 триллионлик барча манбалар ҳисобидан инвестициялар ўзлаштириляпти. Биз сизга ваъда берамиз, йил якуни билан олдимизга қўйган камбағалликдан чиқариш, ишсизликни бартараф қилиш бўйича топшириқларни бажарамиз”, дейди Наманган вилояти ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси