Электр сарфини ҳисоблашда хатоликлар юзага келмоқда
Жамият
−
09 Август
11512Ижтимоий тармоқларда электр энергияси бўйича айрим истеъмолчиларда аслида ҳақдор бўлса-да, тизимда қарздорлик кўриниши ҳолатлари учраётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан янги ишга туширилаётган ҲЭТ Billing тизимида техник ишлар олиб борилаётганлиги сабабли айрим истеъмолчиларда аслида ҳақдор бўлса-да, тизимда қарздорлик кўриниши ҳолатлари юзага келмоқда. Мазкур ҳолатда истеъмолчилар тармоқдан ажратилмайди. Техник ишлар якунлангач, муаммо бартараф этилиши ҳақида фуқаролар хабардор қилинади.
Баланс маълумотларини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Шахсий кабинети” орқали кузатиш тавсия қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда электр энергияси ҳисоби учун янги биллинг дастури ишга туширилгани хабар қилинганди. Унга кўра, эндиликда янги ҲЭТ Billing дастурий комплекси орқали истеъмолчилар электр энергияси учун онлайн тўловларни амалга ошириши ҳамда шахсий ҳисоб рақамдаги мавжуд маълумотларни кузатиб бориши мумкин. Янгиланган тизим орқали истеъмолчилар бевосита ўзи истеъмол қилган электр энергияси ҳисоби, хусусан, тўлов маълумотлари, кунлик электр энергия истеъмоли ва бошқа ҳар қандай маълумотни онлайн тарзда кузатиб бориши имкони яратилган.