Элбошидан Бош вазиргача. Қозоғистон элитасида кимлар коронавирусга чалинди?
Олам
−
18 Июнь 2020
5367Июнь ойида Қозоғистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сезиларли равишда ўсди. Маълумотларга кўра, мазкур ойнинг 18-санасига қадар мамлакатда инфекциядан зарарланган беморларнинг 60 нафари ҳаёт билан видолашди. Бундан ташқари, Қозоғистонда юқори лавозимида фаолият юритаётган турли раҳбарлар ҳам коронавирусга чалинди. Улар сони эса кунма-кун ошиб бормоқда.
14 июнь куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Елжан Биртанов коронавирус билан касалланди. У шифохонага ётқизилди. Вазирнинг таъкидлашича, у касалликка чалинмаслик учун қатъий чоралар кўрган, бироқ шунга қарамай, инфекция юқтириб олган.
“Хавф-хатар ҳар доим бўлади”, дея таъкидлади вазир.
Шу куни Елжан Биртанов билан мамлакатнинг Жамбил вилоятига бирга борган Бош вазир Асқар Мамин ҳам карантинга олинди.
Орадан уч кун ўтиб Қозоғистон парламенти Мажлисининг (қуйи палатаси) Спикери Нурлан Нигматулинда коронавирус инфекцияси аниқланди. Маълум бўлишича, у 9 ва 11 июнь кунлари соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртановни қабул қилган.
Маълумотларга кўра, Нурлан Нигматулин ўзини ўзи изоляция қилган. Айни пайтда, Мажлис раиси масофадан туриб ишлашни давом эттирмоқда.
Бугун, 18 июнь куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевда ҳам коронавирус аниқланди. Сўнгги маълумотларга кўра, Элбоши жорий ой бошидан бир қатор икки томонлама музокаралар ўтказган, расмийларни қабул қилган. Бундан ташқари, Назарбоев маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берган. Телевизион суҳбатни ташкил этиш, тасвирга олиш жараёнларида эса 40 дан ортиқ киши иштирок этган. Улар орасида хориж фуқаролари ҳам бўлган. Ушбу ташкилий ишларда иштирок этганлар эса касаллик ташувчи бўлган бўлиши мумкин, деган эҳтимоллар йўқ эмас.
Айни пайтгача, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Қирғизистон Президенти Сооранбай Жээнбеков Элбошига ўз ҳамдардликларини билдиришди.
Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазири Сапархон Омаров, Таълим ва фан вазири Асхат Аймагамбетов, Жамбил вилояти ҳокими Бердибек Сапарбаев, Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Магзум Мирзагалиев, Молия вазири Ерулан Жамбубаев, Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевлар карантинга олинган.
17 июнь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиялогик вазият оғирлигини айтиб, мурожаат билан чиқди.
"Фуқаролар томонидан карантин режимига оммавий равишда риоя қилинмаслиги сабабли коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда, аммо ҳукумат назорати остида. Эртага ҳукумат томонидан эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш чоралар, шу жумладан, тестларни кенгайтириш эълон қилинади", деди у.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда коронавируснинг тарқалиши муносабати билан 16 мартдан 11 апрелгача фавқулодда ҳолат давом этди. Аммо инфекциядан зарарланишлар сони сўнгги кунларда кескин ошгач, айрим ҳудадларда карантин қоидалари қайта жорий этилди.
18 июнга қадар Қозоғистонда 15 877 нафар шахс коронавирусга чалинди. Беморлардан 10 065 нафари соғайган бўлса, 100 ҳолатда ўлим қайд этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь