Дунёда ўта қашшоқликда яшаётганлар сони маълум бўлди
Олам
−
13:20 1283 2 дақиқа
Дунёда ўта қашшоқликда яшаётганлар сони 1,2 миллиард нафарга етди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) маълум қилди.
Қайд этилишича, UNDP ва Оксфорд университетининг Қашшоқлик ва инсон тараққиёти ташаббуси тадқиқот маркази томонидан тайёрланган жорий йилги ҳисоботга кўра, ўтган йилга нисбатан ўта қашшоқликда яшаётганлар сони 51,5 миллион нафарга кўпайган.
БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Александр Де Кру қашшоқликнинг ортишини дунё учун жиддий огоҳлантириш деб атаган. Унинг билдиришича, 1,2 миллиард киши бир вақтнинг ўзида очлик, таълим олиш имкониятининг чеклангани, тоза сув ва электр энергияси етишмаслиги каби муаммоларга дуч келмоқда. Ҳисоботга кўра, ўта қашшоқликда яшаётганларнинг ярмидан кўпини болалар ташкил этади.
Шу билан бирга, БМТ Тараққиёт дастури қайд этилган ўсишнинг муҳим сабабларидан бири аҳоли сонининг кўпайиши эканини билдирган. Ҳисобот қамраб олган 108 та ривожланаётган давлатдан фақат 13 таси бўйича янги маълумотлар мавжуд бўлган.
Ҳисоботда ижобий натижалар ҳам қайд этилган. Сўнгги 15 йил ичида 33 та давлатда индекс мезонлари бўйича қашшоқликда яшаётган аҳоли улуши икки баравар камайган. Улар орасида Хитой ва Вьетнам каби Осиё давлатлари ҳам бор. Бироқ қашшоқликда яшаётганларнинг асосий қисми ҳамон Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка давлатлари ҳамда Жанубий Осиёда истиқомат қилади.
Шунингдек, Миср, Непал ва Тожикистонда кўп ўлчовли қашшоқлик даражаси ҳам, ундан азият чекаётганлар сони ҳам сезиларли камайган. Ангола ва Замбияда эса қашшоқлик даражаси пасайган бўлса-да, аҳоли сонининг тез ўсиши сабабли қашшоқликда яшаётганлар сони ортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳон иқтисодиёти технологиялар, инвестициялар ва халқаро бозорларга чиқиш имконияти давлатларнинг сиёсий таъсирига тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб қоладиган даврга қадам қўяётгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, йирик давлатлар ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун савдо ва молиявий инструментлардан фойдаланмоқда, кичик ва ривожланаётган мамлакатлар эса арзон хомашё етказиб берувчи ҳамда қимматбаҳо технологиялар харидори бўлиб қолиш хавфи остида турибди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь