Замонавийлик миллий қадрият ва анъаналаримизга мос бўлиши керак – Алишер Қодиров
Жамият
−
28 Август
348927 октябрь куни навбатдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Бу галги сайловлар янги қоидалар асосида ўтказилиши белгиланган. Унда иштирок этувчи партиялар сайлов кампанияси доирасида ўз дастурларидаги ғоялар билан ўртоқлашмоқда.
Куни кеча “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ҳам сайлов жараёнлари, бу галги сайловлардан кутилаётган натижалар ва бошқа масалаларда фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Жумладан, Алишер Қодиров “Миллий тикланиш” партияси ўз сайловолди дастурида қадриятлар ва анъаналарни ҳимоя қилишга алоҳида урғу қаратаётганлигини билдирди.
“Кўриб турганингиздек, дунё ўзгаряпти, маънавий-ахлоқий таназзул борган сари кучаймоқда. Шу маънода, бутун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида барча мамлакатлар давлатчилик анъаналарини ўзларининг қадриятларига таянган ҳолда давом эттиришга ҳаракат қилмоқда. Айни шу жиҳатдан, консерватив партия сифатида биз ҳам ўзимизнинг ғоя ва мақсадларимизни шу йўналишда ривожлантиряпмиз. Ҳар бир халқнинг, элнинг ўзига хос қадрияти – тили, дини, адабиёти, маданияти, санъати, анъанаю урф-одатлари бор. Шу нуқтаи назардан, тарихий-маданий меросимизни асраш, анъаналаримизни сақлаш ва ривожлантириш билан бирга иқтисодий соҳани равнақ топтиришга ҳам айнан миллий қадриятлар орқали курашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан фақат ютамиз”, дея таъкидлайди Қодиров.
Шунингдек, партия лидери мамлакатни ривожлантиришда янгиликларга очиқ эканлигини ҳам билдирди. Бу билан улар анъанавий қарашлардан воз кечишга тайёр дейиш мумкинми? Бу масалада Қодиров ўз позициясини қуйидагича ифодалади:
“Ўз ўрнида замон билан ҳамнафас ривожланишга, замонавийликка ҳам тайёрмиз. Фақат бу миллий қадрият ва анъаналаримиз ва партиямизнинг бошқа фундаментал ғояларига ҳам мос бўлиши керак”, дейди у.
Қодировнинг фикридан англаш мумкинки, “Миллий тикланиш” партияси бу галги сайловларда ҳам миллий ўзликни англаш ва ҳимоя қилиш, ўзбек халқининг кўп минг йиллик анъаналарига асосланган таклифларни фаол илгари суради.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь