Венгриядаги ягона АЭС ўчирилди
Олам
−
13:54 1943 2 дақиқа
Венгрия Бош вазири Петер Мадьяр Дунайдаги сув сатҳининг 44 йил ичида илк бор рекорд даражада пасайиб кетиши сабабли мамлакатдаги ягона “Пакш” АЭС фаолияти тўхтатилишини эълон қилди. Бу ҳақда у кеча, 2 август куни ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Мадьяр станция фойдаланишга топширилганидан бери 44 йил ичида илк бор бугун, 3 августдан эътиборан унинг барча реакторлари тўхтатилишини эълон қилган.
“АЭС аллақачон ўз қувватининг 10 фоизи даражасида ишламоқда. Бу миллий электр тармоғига тушадиган юкламани кескин оширади ва электр энергияси истеъмолига чекловлар киритишни талаб қилади”, дейди у.
Қўшни Руминияда армия сувни каналдан мамлакатдаги электр энергиясининг қарийб 20 фоизини ишлаб чиқарадиган “Чернаводэ” АЭСга йўналтириш учун назорат остидаги портлашларни амалга оширган. Унинг икки реакторидан бири аллақачон тўхтатилган, сувсиз эса иккинчисини ҳам тўхтатишга тўғри келар эди.
“Reuters”нинг ёзишича, “Пакш” АЭС Венгрияда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг деярли ярмини таъминлайди ва станция реакторларини совитиш учун Дунай сувидан фойдаланади. Юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқироз фонида мамлакат расмийлари аҳоли ва бизнесни электр энергияси истеъмолини камайтиришга чақирган.
Аввалроқ, Петер Мадьяр унинг ҳукумати мамлакатдаги саноат корхоналарида истеъмолни навбат билан чеклашни назарда тутувчи фавқулодда режа ишлаб чиққанини маълум қилган. У, шунингдек, Венгриянинг бошқа электр станциялари вақтинчалик электр энергияси ишлаб чиқаришни оширишини ваъда қилган.
2026 йилда Марказий Европадаги аномал иссиқлик ва қурғоқчилик сабабли Дунай ўта критик даражада сув йўқотди. Айрим ҳудудларда сув сатҳи тарихий минимумларни янгилади, бу эса кемалар қатновининг тўхташига ва энергетика соҳасида муаммоларга олиб келди.
Хусусан, июль ойи охирида Руминияда “Чернаводэ” АЭСнинг биринчи блоки тўхтатилган ва миллий энерготизимдан узилган. Сербия гидрометеорологлари ҳам Дунайдаги сув сатҳи юз йиллик антирекордни янгилаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Мамлакат расмийлари Воеводина мухтор ўлкасининг шимолий қисмини сув билан таъминлайдиган насос станцияси фаолиятини аллақачон тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер сайёраси мисли кўрилмаган иссиқлик даврига кириб бораётгани, кучайиб бораётган Эль-Ниньо ҳодисаси эса яқин ойлардаёқ янги ҳарорат рекордларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси