“Док-1 Макс” ва “Амбронол” лаборатор синовлардан нотўғри ўтказилгани аниқланди
Жамият
−
06 Январь 2023
11054“Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
“Quramax medikal” масъулияти чекланган жамияти импорт қилган ушбу препаратлар “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” томонидан лаборатория синовларидан ўтказилган ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъулияти чекланган жамияти масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилган. Ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани оқибатида сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.
Жиноят иши доирасида “Quramax medikal” МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходими ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг 2 нафар масъул ходими гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган.
“Quramax medikal” МЧЖга тегишли дори воситаларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгани ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 9 нафар бола “Док-1 Макс”дан заҳарлангани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси