Расман: Тошкент вилоятида 9 нафар бола “Док-1 Макс”дан заҳарланди
3-саҳифа
−
05 Январь 2023
6426Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида “Док-1 Макс” дори воситасини истеъмол қилган 2 ёшли бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “Док-1 Макс” сиропи истеъмоли оқибатида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган. Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилган. 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда, уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда.
“Шуни қайд этиш керакки, Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача “Док-1 Макс” препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган”, дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳудудлардаги барча дорихоналардан “Quramax” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари йиғиштириб олинган.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди.
LiveБарчаси