Доғистонга янги Бош вазир тайинланди
Олам
−
13 Май 2113 2 дақиқа
Доғистон ҳукумати раиси вазифасини бажарувчи Магомед Рамазонов республика Бош вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда Ҳукумат сайтида хабар берилди.
Жорий йилнинг 6 апрель куни Доғистон раҳбари вазифасини бажарувчи Фёдор Шукин республика ҳукуматини истеъфога чиқарди ва минтақа ҳукумати раиси вазифасини вақтинча бажаришни Рамазоновга топширганди. Бугун, 13 май куни Доғистон парламенти депутатлари Рамазоновни республика Бош вазири этиб тайинлашга бир овоздан розилик берди.
“Магомед Рамазонов Доғистон ҳукумати раиси этиб тайинланди. Тегишли фармон бугун вилоят раҳбари вазифасини бажарувчи Фёдор Шукин томонидан имзоланди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май куни Россия Президенти Владимир Путин Доғистон раҳбари Сергей Маликовни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонни имзолади.
Республика парламенти спикери Заур Аскендеров минтақа раҳбари лавозимига Доғистон Олий суди раиси Фёдор Шукин номзодини таклиф қилган. Республика ҳукумати раҳбарлигига эса Президентнинг Узоқ Шарқ федерал округидаги (УШФО) ваколатли вакили ўринбосари Магомед Рамазоновни қўйиш таклиф этилган. У илгари Россия Федерал хавфсизлик хизматининг коррупция ишлари билан шуғулланувчи “К” бошқармаси ходими бўлган. Аскендеров “бундай тандем муваффақиятли бўлиши” ҳақида фикр билдирган. Путин ҳар икки номзодни қўллаб-қувватлаган.
Маълумот учун, Доғистон (Доғистон Республикаси) — Россия Федерацияси таркибидаги республика, Шимолий Кавказнинг шарқий қисмида, Каспий денгизи соҳилида жойлашган.
Live
Барчаси