ДХХ одам савдоси ва гиёҳвандликка қарши тадбирда 5 кишини ушлади
3-саҳифа
−
09 Февраль
5915Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги тузилмалари томонидан жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари ўтказилган “Ориат” ва “Қорадори” кенг кўламли тадбирларида гиёҳвандлик воситалари ва одам савдоси билан шуғулланган 5 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Telegram ижтимоий тармоғида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 1 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситаси “закладка” усулида кўмилгани тўғрисида тезкор маълумот олинган. Маълумот асосида олиб борилган тадбирлар натижасида 1986 ва 2002 йилда туғилган, икки нафар шахс гиёҳвандлик воситасини кўмилган жойдан олаётган вақтида ушланди. Улардан бири яшаб келаётган Миробод туманидаги уйнинг турли жойларида “закладка” усулида тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган жами 200 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси, электрон тарози, изоляцион лента ва зип-пакетлар борлиги аниқланиб, ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинган.
Одам савдосига қарши курашиш йўналишида ўтказилган тезкор тадбирда 1986 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида вақтинча яшаб келаётган Туркия фуқароси ва икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Ушбу шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, жинсий эксплуатация қилиш мақсадида 2 аёлни Тошкент халқаро аэропорти орқали Истанбул шаҳрига жўнатаётган вақтида ушланди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан “Ориат” ва “Қорадори” кенг кўламли тадбирларида сауналар, СПА салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар, тунги клублар ва бошқа жамоат жойларида ҳамкорликдаги тадбирлар олиб борилганди. Аниқланган ҳолатлар бўйича қўзғатилган 93 та жиноят ишлари доирасида 94 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилганди. Шунингдек, 18 та ноқонуний ўқотар қурол ва 126 дона совуқ қурол аниқланди, 53 нафар қидирувдаги шахс ушланди. Тошкент шаҳрида эса “Макаров” пистолети, 2 дона ўқдон ва 15 та жанговар патронларни сақлаб келган шахс аниқланганди.
LiveБарчаси