Azon.uz`га босим бўлганми? Дин ишлари бўйича қўмита қатъий жавоб берди
Жамият
−
04 Февраль 2021
13378Дин ишлари бўйича қўмита Azon.uz портали билан юз берган ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлган учун яна бир расмий баёнот билан чиқди. Баёнот аксар изоҳ қолдираётганлар орасида Дин ишлари бўйича қўмита ҳақида етарли таассурот бўлмагани сабабли турли тушунмовчиликлар кузатилгани учун берилган.
“Кўпчиликка тушунарли бўлиши учун Дин ишлари бўйича қўмитанинг фаолияти, мақсад ва вазифалари борасида қуйидаги айрим асосий вазифаларини келтириб ўтишни лозим топди”, дейилади ахборотда.
Унга кўра, Қўмитанинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
• виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
• Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;
• диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;
• жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ушбу жараёнларда диний-маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш;
• давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;
• аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ва бошқалар.
“Бундан кўриниб турибдики, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш, республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, СD, DVD ва бошқа электрон ташувчиларни, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган диний материалларни) экспертизадан ўтказиш фаолиятини мувофиқлаштириш Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда диний-маърифий сайтларга йўналиш ва тавсия бериши мумкин. Лекин, қайсидир сайтдан қандайдир маълумотни олдириб ташлаш ёки олиб ташлашга мажбур қилиш ваколатига эга эмас”, дейилади баёнотда.
Шундан сўнг, идора Azon.uz сайтида эълон қилинган мақолалани олиб ташлаш бўйича топшириқ бермаганини яна такрорлаган.
“Azon.uz сайтида эълон қилинган муайян мақолаларни олдириб ташлаш бўйича Қўмита раҳбарияти томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини қатъий маълум қиламиз”, дейилган ташкилот муносабатида.
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита қатор оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб бораётганини, Президент бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгилик ва ўзгаришларни биргаликда омма эътиборига ҳавола қилаётгани ҳам таъкидланган.
“Баёнот якунида, юртдошларимизга яна бир бора, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти томонидан azon.uz сайти таҳририяти ва жамоасига мақолани олдириб ташлаш бўйича босим бўлмаганини, аксинча сайтда берилаётган хабар ва мақолалар кенг халқ оммасига мўлжаллангани учун фойдали ва холис бўлиши борасида доимий ҳамкорлик қилиб келаётганини билдирамиз”, дейилган.
Аввалроқ, Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаётгани туфайли ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзгани ҳақида хабар берилганди. Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий ахборот бериб, таҳририятга босим бўлмаганини маълум қилди.
Кейинроқ Azon.uz портали таъсисчиси Мубашшир Аҳмад Дин ишлари бўйича қўмита раиснинг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳдид қилинганини маълум қилди. Таъкидланишича, Azon.uz`да буни исботловчи далиллар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, Azon.uz портали ва Қўмита ўртасидаги можарога Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу ҳолат бўйича алоҳида баёнот билан чиқди.
Агентлик доимгидек давлат органлари ва оммавий ахборот воситаларини қонунчиликда кўрсатиб ўтилган қоидалар ҳамда ўрнатилган талабларни ҳурмат қилган ҳолда ўзаро муносабатларга киришишга чақирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь