Ким алдаяпти? Дин ишлари бўйича қўмита Azon.uz тўғрисида акс баёнот билан чиқди
Жамият
−
04 Февраль 2021
16325Аввалроқ Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаётгани туфайли бош муҳаррир ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзгани ҳақида хабар берилганди. Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий ахборот бериб, таҳририятга босим бўлмаганини маълум қилди.
Ушбу ҳодиса ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Қўмитага кўра, аксар изоҳ қолдираётганлар орасида Дин ишлари бўйича қўмита ҳақида етарли таассурот бўлмаган. Шу сабабли турли тушунмовчиликлар кузатилгани, ўз навбатида, кўпчиликка тушунарли бўлиши учун Дин ишлари бўйича қўмитанинг фаолияти, мақсад ва вазифалари борасида қуйидаги айрим асосий вазифаларини келтириб ўтган.
Баёнотда қайд этилишича, Дин ишлари бўйича қўмита диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда диний-маърифий сайтларга йўналиш ҳамда тавсия бериши мумкин. Лекин қайсидир сайтдан қандайдир маълумотни олдириб ташлаш ёки олиб ташлашга мажбур қилиш ваколатига эга эмас.
“Шунга кўра, “azon.uz” сайтида эълон қилинган муайян мақолаларни олдириб ташлаш бўйича Қўмита раҳбарияти томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини қатъий маълум қиламиз”, дейилади баёнотда.
Шу ўринда, Дин ишлари бўйича қўмита қатор оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб бораётганини, Давлат раҳбари бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгилик ва ўзгаришларни биргаликда омма эътиборига ҳавола қилаётганини алоҳида қайд этган.
Баёнот якунида яна бир марта, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарият томонидан “azon.uz” сайти таҳририяти ва жамоасига мақолани олдириб ташлаш бўйича босим бўлмагани, аксинча сайтда берилаётган хабар ва мақолалар кенг халқ оммасига мўлжаллангани учун фойдали ва холис бўлиши борасида доимий ҳамкорлик қилиб келаётганини билдирган.
LiveБарчаси