Azon.uz бош муҳаррири ишдан кетди. Таҳририят босимга учраган
Жамият
−
04 Февраль 2021
15309Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаётгани ҳақида хабар берди. Бош муҳаррир ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган. Бу ҳақда у ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, кеча, 3 февраль куни сайт муассиси Мубашшир Аҳмад йиғилиш ўтказиб, нашрда эълон қилинган “Қорилар маҳалласи” – Президентнинг таклифи аҳли илмларни тўлқинлантириб юборди” ва “Шавкат Мирзиёев диний соҳада қандай эркинликларни қайтарди?” номли мақолаларни олиб ташлашни айтган.
Абдулазиз Муборакнинг қайд этишича, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев Мубашшир Аҳмадга қўнғироқ қилиб, юқоридаги мақолалар учун жуда қаттиқ ҳақорат ва таҳдид қилган.
“Шундай ҳақоратларки, уни айтиш тилга, эшитиш қулоққа оғирлик қилади. Мен домланинг гапларига кўнмадим (мақолаларни ўчиртирмадим), чунки ҳар икки мақолада ҳам муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ёритилган, яъни бир сўз билан айтганда, сиёсатга қарши эмас, аксинча, уни қўллаб-қувватлайдиган фикрлар ёзилганди”, дейилади Абдулазиз Муборакнинг мурожаатида.
Унга кўра, авваллари ҳам бир неча мақолалар Дилшод Эшнаевнинг қўнғироқлари орқасидан сайтдан ўчирилган.
Мақсад-муддао не?
Бунақа туришда Янги Ўзбекистон деган гапнинг маъниси қаерда қолади?
Наҳотки, президентнинг ташаббуслари ҳақида ёзиш айб, гуноҳ, хато бўлса?!
Бу давлатимиз раҳбарининг очиқлик, ошкоралик сиёсатига зид эмасми?
Ё юртбошимиз айтаётган, диндор халқимизни умидлантираётган сиёсатлар тил учидаги гаплар, холосми?
Мубашшир Аҳмад домла йиғилишда бизни қаттиқ уришдилар. Айбимиз – сўнгги пайтларда президентимизнинг гапларига, ташаббусларига катта урғу бериб юборибмиз. Мен у кишини тушунаман, бундан хафа эмасман, фақат ўзи шундоқ ҳам ёмон соғлиқларидан хавотирдаман.
Камина бош муҳаррир сифатида Azon.uz сайтида ўз эътирозларимизни билдирмоқчи бўлдим, аммо... бунга рухсат беришмади...
Пичоқ бориб суякка етди...» деб ёзади Абдулазиз Муборак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу ҳолат бўйича алоҳида баёнот билан чиқди.
Агентлик доимгидек давлат органлари ва оммавий ахборот воситаларини қонунчиликда кўрсатиб ўтилган қоидалар ҳамда ўрнатилган талабларни ҳурмат қилган ҳолда ўзаро муносабатларга киришишга чақирган. Шунингдек, давлат идораларини журналистларга нисбатан босим ўтказмаслик, таҳририят ходимларини эса журналистлик одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишини сўраган.
LiveБарчаси