Диққат! Россиядаги саноат корхоналарининг 75 фоизида ишчи етишмаяпти
Олам
−
08 Август 2023
11299Россиядаги саноат корхоналарининг 75 фоизи ишчи кучи етишмаслигидан азият чекмоқда. Бу ҳақда “Российская Газета” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда металл кесиш станоги ишчилари, токарлар, слесарлар ва автоматлаштирилган ишлаб чиқариш линияси операторлари етишмаслиги кузатилмоқда.
Бу бўйича ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи ишчи кучининг етишмаслигини маълум қилган. Шу билан бирга, Россияда бутун саноат ишлаб чиқаришининг 75 фоизида кадрлар тақчиллиги кузатилмоқда.
Иш берувчиларнинг 95 фоизи ишчи кучи етишмаслиги мауммоси йил давомида аниқроқ сезилиб бораётганини тасдиқлаган. 90 фоиз ҳолатда корхоналар малакали ишчиларга, учдан биридан кўпроғи эса паст малакали ишчиларга эҳтиёж сезмоқда.
Тадқиқотга кўра, ёш кадрлар оқими етарли эмаслиги сабабли ишлаб чиқаришдаги ишчиларнинг ўртача ёши ўсишда давом этяпти. Шундай қилиб, респондентларнинг 79 фоизи ўз корхонасида 35 йилдан ортиқ ишлаганини айтган.
Таъкидланишича, кадрларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммо иш жойидаги ёмон шароит ёки иш ҳақининг пастлиги билан боғлиқ эмас. Аксинча, саноат корхоналарининг атиги 10,5 фоизигина йил давомида иш ҳақини оширмаган, 42,1 фоизи эса 2023 йилда иш ҳақини 10-12 фоиздан кўпроққа оширган.
Мазкур тадқиқот металлургия, машинасозлик, тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчи 100 та корхонада, жорий йилнинг июнь-июль ойларида ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия киносаноатида кадрлар тақчиллиги кузатилаётгани маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакат савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида етишмаётган кадрлар ўрнини тўлдириш учун Шимолий Кореядан қўшимча ишчилар оқимини жалб қилиши мумкинлиги айтилганди.
Кадрлар тақчиллигига эса асосий сабаб сифатида Россияда туғилиш даражасининг пасайиб кетгани кўрсатилмоқда. Шу мақсадда мамлакат етакчиси Владимир Путин кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш Россия келажаги учун муҳим эканини айтганди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг “ўнг қўли” Апти Алаудинов ҳам русларни бештадан фарзанд кўришга чақирган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь