Тожик-афғон чегарасидаги вазият кескинлашса, Россия Тожикистонга ёрдам беришни ваъда қилди
Олам
−
05 Июль 2021
10219Бугун, 5 май куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль расмий сайтида хабар берилди.
Мулоқот чоғида Aфғонистон ҳудудида, шу жумладан чегара зонасида қуролли қарама-қаршиликларнинг кучайиши натижасида тожик-афғон чегарасида келиб чиққан қийин вазият батафсил муҳокама қилинди.
“Владимир Путин Тожикистонга ҳам икки томонлама, ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида керакли кўмак беришга тайёрлигини тасдиқлади”, дейилади Кремль хабарида.
Давлат раҳбарлари Россия-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, турли даражаларда алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Аввалроқ Имомали Раҳмон Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилганди.
Фаоллашган "Толибон"
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучларини Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
Бугун, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.