Мирзиёев Раҳмон билан Афғонистондаги аҳволнинг ёмонлашиши ҳақида гаплашди
Жамият
−
05 Июль 2021
7082Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 июль куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқди ҳамда минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашди.
“Минтақамизда Афғонистон йўналишидаги аҳволнинг ёмонлашиши ва кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Яқин идоралараро мувофиқлашувни давом эттириш муҳим экани таъкидланди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Президентлар бўлажак олий даражадаги тадбирларни, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш режасини кўриб чиққан.
Фаоллашган "Толибон"
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучларини Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
Бугун, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.
LiveБарчаси