Раҳмон Мирзиёевдан кейин Тўқаев билан ҳам Афғонистон масаласини муҳокама қилди

Олам 2728
image

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотидан сўнг яна бир мулоқотни амалга оширди. Унинг галдаги телефон суҳбати Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан бўлди. Президентлар Афғонистондаги кескин вазият ва унинг минтақага таъсирини муҳокама қилганлар. 

Тожикистон расмий ахборот агентликларининг хабарида қайд этилишича, суҳбат давомида Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви шароитида Марказий Осиё минтақасидаги вазият тўғрисида атрофлича фикр алмашилган. 

Қозоғистон Президенти Тожикистон билан дўстлик муносабатларининг дахлсизлигини тасдиқлаган. 

“Қозоғистон Косим-Жомарт Тўқаевнинг 19-20 май кунлари Душанбега ташрифи давомида эришилган келишувларни бажаради ва биродар тожик халқига ёрдам беришда давом этади”, дейилади Қозоғистон томони ахборотида. 

Томонлар Афғонистоннинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларининг чегара ҳудудларида вазиятнинг авж олишидан хавотир билдирганлар. 

Шу муносабат билан минтақавий хавфсизликка мавжуд таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида икки мамлакат ваколатли органлари ва тегишли вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қўшма қадамларнинг аҳамияти қайд этилган.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучларини Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Бугун, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 3.1
t
×